Пенсия жамғармаси томонидан 2025 йилда амалга оширилган ишлар ҳисоботи
2025-12-29 16:50:00 / Жамғарма янгиликлари
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси
ижро этувчи директори
Муродбек Атаджанов
Шахсий масъулият, темир интизом, касбий ғурур ва профессионал маҳорат — ижро интизомининг мустаҳкам пойдеворидир.
Президентимизнинг: “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган ташаббуслари барча давлат бошқарув органларининг ижро тизимига катта масъулият юклади. Бунда, ислоҳотларнинг самарадорлиги ва кўзланган мақсадларга эришишда бевосита ҳар бир ташкилотда мустаҳкам ижро интизомининг йўлга қўйилганлиги муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомини янада мустаҳкамлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-117-сон Фармонининг қабул қилинганлиги давлат идоралари ва ташкилотларда ижро интизомини янада мустаҳкамлаш имконини берди.
Бугунги кунда мазкур Фармонга мувофиқ, тизимда ижро интизомини мустаҳкамлаш, фуқароларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш бўйича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди.
Аҳолига хизмат кўрсатиш йўналишида
Хусусан, 2025 йил 1 мартдан бошлаб ёшга доир пенсияларни фуқаролар пенсия ёшига тўлиши муносабати билан алоҳида мурожаат талаб этмаган ҳолда проактив шаклда тайинлаш тартиби жорий этилди.
Бунинг натижасида, 2025 йилнинг ўтган даври мобайнида 53,4 минг нафар фуқароларга алоҳида мурожаат талаб этмаган ҳолда (проактив шаклда) ёшга доир пенсиялар тайинланди.
Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 19 майдаги “Аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги
ЎРҚ–1066-сон Қонунига мувофиқ “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 майдаги “Ногиронлик пенсиялари ва компенсацияларни тайинлашда проактив хизматларни жорий этиш тўғрисида”ги ПҚ–194-сон қарори қабул қилиниб, унга мувофиқ:
- 2025 йил 1 июлдан бошлаб I ёки II гуруҳ ногиронлиги белгиланганда пенсияларни алоҳида мурожаат талаб этмасдан (проактив шаклда) тайинлаш жорий этилди;
- кўриш қобилияти бўйича I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ҳамда ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган шахсларга компенсацияларни электрон маълумотлар алмашинуви асосида проактив шаклда тайинлаши жорий этилди;
- ногиронлик пенсияси тайинлангандан сўнг камида 1 йил иш стажига эга бўлганда фуқаронинг пенсия миқдорини ҳар 2 йилда проактив шаклда қайта ҳисоблаш;
- 2025 йил 1 октябрдан давлат пенсия таъминотига оид ҳамда АТ “Халқ банки” томонидан пенсияларни нақд пул шаклида тўлаш билан боғлиқ хизматлар фуқароларни биометрик идентификация қилиш (Face-ID) ҳамда уларнинг имзосини электрон шаклда олиш орқали амалга оширилиши жорий қилинди.
Вазирлик ва идоралар билан рақамли интеграция
Фуқароларга ортиқча муаммоларсиз пенсия тайинланиши учун Пенсия жамғармаси томонидан бугунги кунда 26 та вазирлик ва идоралар билан 79 турдаги маълумотларнинг интеграцияси йўлга қўйилди.
Аҳоли билан мулоқот ўрнатиш
Бундан ташқари, 2025 йилда жисмоний ва юридик шахслардан келган 9,5 мингта ариза, шикоят ва таклифлар ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиши таъминланди.
Қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида пенсия таъминотига оид масалалар бўйича фуқаролар билан 7 402 маротаба сайёр учрашувлар ўтказилди.
Бунинг натижасида мурожаатлар сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 403 тага ёки 25% га камайди.
Шунингдек, 26 та вазирлик ва идоралар билан 79 турдаги маълумотларни электрон шаклда алмашиш орқали 2025 йилда жами 3,8 млн.дан ортиқ фуқароларга жамғарма хизматлари проактив ва интерактив шаклда кўрсатилди.
Пенсияларни тайинлаш ва тўланиши
Бугунги кунда Пенсия жамғармаси ҳисобида туриб пенсия олаётган фуқаролар сони 4,2 млн.дан ортиқни ташкил этди. Жумладан, 2025 йилнинг ўтган даври давомида Пенсия жамғармаси томонидан 291,5 минг нафар фуқароларга янги пенсиялар тайинланди.
Таъкидлаш жоизки, банк пластик карталари орқали пенсия олувчи фуқароларга ҳар ойнинг 5-санасига қадар, нақд шаклда пенсия олувчиларга эса ҳар ойнинг 4–27-саналарида пенсия маблағлари тўлиқ (100%) молиялаштириб берилиши таъминланмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, албатта, халқ билан очиқ мулоқот йўлга қўйилиши, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг янгича тизими яратилиши қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини самарали таъминланишида муҳим аҳамият касб этади.
Соҳада қилинаётган ислоҳотларнинг давоми ўлароқ, Пенсия жамғармаси томонидан 2026 йил якунига қадар пенсия таъминотига оид барча хизматлар тўлиқ проактив ҳамда интерактив шаклга ўтказилиши, шунингдек, фуқароларнинг мавжуд иш стажи ва иш ҳақлари тўғрисидаги электрон маълумотларга асосан пенсия миқдорларини олдиндан аниқлаш бўйича “Менинг пенсиям” онлайн хизмати жорий этилиши режалаштирилган.
