Келаси йилнинг баҳоридан пенсия миқдорини олдиндан ҳисоблаш хизмати ишга туширилади
2025-09-30 16:55:00 / Жамғарма янгиликлари
Менинг пенсиям дастури орқали фуқаролар ёшга доир пенсия олиш учун стажлари етарли ёки етарли эмаслигини ҳам олдиндан билиб олишлари мумкин бўлади.
Ўзбекистонда 2026 йилнинг баҳоридан пенсияни олдиндан ҳисоблаш имконияти пайдо бўлади.
Ҳозирда Пенсия жамғармаси ҳали пенсияга чиқмаган шахслар учун мўлжалланган Менинг пенсиям дастурини ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқда. Бу дастур фуқароларга келажакдаги пенсия миқдорини олдиндан билиб олиш имконини беради.
«Бунинг учун ЖШШИРни киритиш ва OneID орқали идентификациядан ўтиш керак. Шахс ўзи ҳақидаги барча маълумотларни 26 та вазирлик ва идоралар билан интеграциялашган ҳолда олади: иш ҳақи, меҳнат стажи, ўқиш даври, аёллар учун болалар сони, эркаклар учун ҳарбий хизмат. Ушбу маълумотлар асосида бўлажак пенсия ҳисоблаб чиқилади ва кўрсатилади», — деди Муродбек Атаджанов.
Дастур фуқароларга ёшга қараб пенсия олиш учун етарли иш стажига эга эканликларини билиш имкониятини ҳам беради. Агар стаж етарли бўлмаса, бу норасмий сектордан чиқиб, юқорироқ маош тўланадиган ишга ўтишни рағбатлантириши мумкин.
Дастлаб Менинг пенсиям хизматини ишга тушириш 2026 йил 1-cентябрдан режалаштирилган эди. Пенсия жамғармаси жараённи тезлаштириб, дастурни келаси йилнинг апрель-май ойлариданоқ ишга тушириш ниятида, дея қўшимча қилди Атаджанов.
1993 йилда қабул қилинган “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги қонунга кўра, эркаклар 60 ёшга тўлганда (иш стажи камида 25 йил бўлганда), аёллар 55 ёшга тўлганда (иш стажи камида — 20 йил) ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Президентнинг 26 июндаги фармони билан 2026 йилнинг 1 декабридан бошлаб фуқароларнинг иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар асосида пенсия миқдорини олдиндан аниқлаш бўйича «Менинг пенсиям» онлайн хизмати жорий этилиши белгиланганди.
