Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсуновнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан вилоят аҳлига табриги
2025-09-01 08:40:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар, азиз навоийликлар!
Бугун биз сизлар билан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги байрамини кўтаринки кайфият, дилда қувонч ва меҳнатда улкан ютуқлар билан кутиб олмоқдамиз.“Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” – ана шундай эзгу ғоя асосида нишонланаётган, ушбу қутлуғ айёмни катта тараддуд ҳамда меҳнатда улкан зафарлар билан қарши олаётган бутун вилоятимиз аҳлини — Истиқлолимизнинг муборак байрами билан чин қалбимдан самимий табриклайман! Сўнгги йилларда Ҳурматли Президентимиз раҳномолигида барча ислоҳотларимизнинг руҳи ва мазмунига “Инсон қадри учун, эл-юрт бахти учун!” деган эзгу ғоя чуқур кириб бораётганлигини, янги Ўзбекистонда улкан ютуқларга эришаётганлигимизни барчамиз кўриб турибмиз.
Бугунги кунда мамлакатимизда инсон қадри янада юксалиб, халқимиз фаровонлиги тубдан яхшиланаётганлиги, барча соҳалардаги ижобий ютуқларимизни энг тараққий этган давлатлар ҳам эътироф этаётганлиги эса алоҳида таҳсинга лойиқдир.
Мамлакатимиз тарих саҳифаларига олтин ҳарфлар билан битилаётган ушбу давр ичида юртимизда эътибор қаратилмаган, янгиланмаган, ислоҳот амалга оширилмаган бирорта соҳа қолмади.
Дархақиқат, Ҳурматли Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан кейинги йилларда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида улкан қадамлар қўйилганлиги, ҳар бир ишимиз, ҳар бир ютуғимизда истиқлолнинг буюк қудрати барча жабҳаларда ёрқин намоён бўлмоқда.
Бу эса ўз-ўзидан сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ва маънавий соҳаларда кенг кўламли ўзгаришларга имконият яратмоқда.
Бундай ўзгаришлар гўзал ва навқирон вилоятимизда ҳам Мустақилликнинг ўтган шонли даврида олиб борилган ва шиддат билан амалга ошириб борилаётган бунёдкорлик ҳамда кенг кўламли ишлаб чиқариш жараёнларида ўзининг яққол ифодасини топмоқда.
Ислоҳотлар узоқ йиллардан буён аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга барҳам бермоқда. Хусусан, сўнгги саккиз йилда вилоятда 2,8 мингта кўп қаватли уйлар қурилиб, 41 минг оила янги хонадон соҳиби бўлди.
Марказлашган ичимлик суви билан таъминланиши 53 фоиздан 85,7 фоизга етказилиб, 198 мингта оилага тоза ичимлик суви кириб борди.
Вилоят бўйича 6,5 минг км йўл, шу жумладан 4 минг км ички йўллар ва 116 та кўприклар таъмирланди.
Бир мингдан ошиқ трансформатор ва 3,2 минг км электр тармоқларини янгилаш ҳисобига 218 мингта хонадонда энергия таъминоти барқарорлиги яхшиланди.
Биргина 2025 йилнинг ўзида барча манбалар ҳисобидан 400 дан зиёд объектларда 12 трлн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Аҳолининг талаб ва истакларини инобатга олиб, жорий йилда 60 дан ортиқ янги автобус олиб келиниб, олдин деярли йўқолиб кетган жамоат транспорти қайта тикланди. Учинчи ренессанс пойдеворини яратувчи ёшларимиз чин маънода мамлакатимиз келажагининг мустаҳкам таянчидир.
Бугунги кунда Ҳурматли Президентимизнинг “Муаммоларимизнинг ечими, саволларимизнинг жавоби фақат ва фақат таълимда. Ҳамма эшикларни очадиган калит ҳам – фақат ва фақат таълим ва тарбиядир” деган шиорлари асосида таълим соҳасини ривожлантириш масаласи ҳам вилоятимизда умумхалқ ҳаракатига айланмоқда десам айни ҳақиқатни айтган бўламан.
Дарҳақиқат тизимда амалга оширилган ишларни сарҳисоб қиладиган бўлсак сўнгги саккиз йилда мактабгача таълим қамрови 34 фоиздан 85,5 фоизга, олий таълимда эса 14,5 фоиздан 70,5 фоизга етказилди. 11 та янги мактаб, 141 тасини капитал ва 58 тасини мукаммал таъмирлаш ҳисобига вилоят бўйича мактабларимизда навбатлилик коэффициенти 1,0 фоизга туширилди.
Шуни алоҳида айтиш жоизки, вилоятда авваллари боғча бўлмаган 85 та маҳаллага (134 минг оила) мактабгача таълим кириб борди.
Мактабгача таълим соҳасида нодавлат сектор тармоғи кенгайтирилиб, жорий йил якунига қадар яна 47 та нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилиб 2 150 та тарбияланувчи ўрни янгидан яратилади.
Жорий йилда олий таълимга киришнинг ўртача бали бўйича Зарафшон шаҳри республикада 1-ўринни эгаллаган бўлса, олий таълимга ўқишга кириш бўйича Қизилтепа тумани вилоятда 1-ўринни қайд этди.
Шу билан биргаликда вилоятда 10 та мактабнинг битирувчилари 100 фоиз олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.
Битирувчиларимизнинг 309 нафари хорижий грантларни қўлга киритиб ТОП-1000 таликда бўлган олий таълим муассасаларига қабул қилинган бўлса, 105 нафар битирувчимиз ТОП-100 таликдаги хорижий олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.
Фурсатдан фойдаланиб, вилоятдаги таълим сифатини Республикада энг олий ўринларга олиб чиқишда ўзининг ҳалол, фидокорона меҳнатлари билан ҳисса қўшган барча устоз-муаллимларга ўз миннатдорчилигимни билдираман ва бошланаётган янги ўқув йилида ҳам бунданда юксак натижаларга эришишларига тилакдошман.
Давлатимиз Раҳбари томонларидан Соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш борасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Бунинг натижасида, кейинги йилларда вилоятимизда
152 та бирламчи тиббий ёрдам муассасалари мавжуд бўлган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 329 тага етказилиб, ўртача 2 бараварга оширилди.
Вилоятда 3848 нафар беморда юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, уларнинг 2800 нафари вилоят муассасаларида ва 1048 нафари шаҳар/туман тиббиёт бирлашмаларида амалга оширилди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларимиз ҳам эътибордан четда қолишгани йўқ.
Жумладан, боқувчисини йўқотган 4670 нафар, шунингдек ижтимоий ва тиббий ёрдамга муҳтож 9562 нафар аёлларимиз ва қарамоғида ногирон фарзанди мавжуд бўлган 2274 нафар хотин-қизларга 11 млрд сўмлик моддий ёрдамлар кўрсатилди, боқувчисини йўқотган 112 нафар ҳамда ижтимоий ёрдамга муҳтож 294 нафар хотин-қизларимизнинг уй-жойлари таъмирланди.
Хотин-қизларни уй шароитида даромадли меҳнат билан таъминлашга қаратилган эътибор натижасида 5 мингдан зиёд аёлларимиз ўз хонадонларида барқарор даромад топмоқда.
Биргина мисол, илғор ҳунарманд-тадбиркорлардан ҳисобланган Хамидова Зарина Нурота туманида бугунги кунда чин маънода “Каштачилик мактаби” ни ташкил қилиб, 600 дан зиёд хотин-қизларимиз бандлигини таъминлаган.
Ушбу қизимизнинг меҳнати муносиб тақдирланиб, ҳурматли Президентимиз томонидан “Шухрат” медали билан мукофотланди.
Юртимиз нуфузини жаҳонга танитишда спортнинг аҳамияти жуда катта. Эътироф этиш керакки, вилоятимиз спортчи-ёшлари ўтган йили Республика, Осиё, Жаҳон ва Халқаро мусобақаларда 1857 та медалларни қўлга киритган бўлса, жорий йилда 650 нафар спортчиларимиз Ўзбекистон Миллий терма жамоаси аъзолигига қабул қилинди.
Жорий йилда Баҳрайн давлатида старт бериладиган ёшлар ўртасида ўтказиладиган Осиё ўйинларига вилоятимиз вакилларининг 11 нафари Осиё ва 7 нафари Параосиё ўйинларига йўлланмани қўлга киритди.
Шу йилнинг ўтган даврида нуфузли халқаро мусобақаларда ғолиблик шоҳсупасини банд этиб, 1450 та медалларга эга бўлган ўғил-қизларимиз ҳақиқий маънода бизнинг фахримиздир.
Мисол учун, 2025 йил 30 апрел – 5 май кунлари Перу давлатида бўлиб ўтган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида Абдумуталова Маржона 59 кг вазн тоифасида муносиб иштирок этиб, умумий ҳисобда 2 та кумуш ва 1 та бронза медалга сазовор бўлди.
2025 йил 28 июл — 3 август кунлари Грециянинг Афина шаҳрида ўтказилган юнон-рум кураши бўйича жаҳон чемпионатида спортчимиз Бунёд Ҳасанов олтин медал соҳибига айланди.
Хабарларингиз бор, Ҳурматли Юртбошимизнинг ташаббуслари билан, вилоятимизда “Янги Навоий шаҳарчаси” ҳамда “Янги Ўзбекистон” боғи барпо этилмоқда.
Бу ерда бугунги кунда хорижий ва илғор тажрибалар асосида 176 та 35 минг хонадонга мўлжалланган
7-30 қаватли уй-жойлар, Навоий давлат университети, педагогларнинг маҳорат Маркази, Тест маркази, замонавий кутубхона, 2500 ўринли 2 та мактаб, 990 ўринли 3 та боғчалар, 5 қаватли гипермаркет (Молл) ва 100 дан ортиқ савдо-хизмат кўрсатиш объектлари, “Янги Ўзбекистон боғи” ҳудудида “Янги Ўзбекистон” стелласи ва Алишер Навоий ҳайкали, амфитеатр, конгрес холл, сунъий кўллар, фавворалар ҳамда туну-кун фаолият кўрсатадиган 2 та сайилгоҳларда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Бу Навоий вилояти тарихидаги энг йирик янги лойиҳалардан бири ҳисобланади.
2026-2027 йилларда шаҳарчанинг 130 гектар ер майдонида, яъни биринчи босқичдаги бунёдкорлик ишлари тугатилиб, аҳолига хизмат кўрсата бошлайди.
Ҳурматли Президентимизнинг топшириқлари асосида аҳоли кайфиятини яхшилаш, уларга дам олишлари учун муносиб шароит яратиш бўйича ҳам кенг кўламли ишларни амалга оширишни мақсад қилиб олганмиз.
Жумладан, вилоятдаги 45 та яшиллик яхши бўлган дам олиш масканларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.
Бу ерларда йўлаклар тўғриланиб, чироқлар, ўриндиқлар ва кичик фавворалар, болалар учун ўйингоҳлар, турли хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳалари йўлга қўйилади.
Натижада, шаҳардаги 17 та маҳалланинг 80 мингга яқин аҳолиси уйидан чиқиб, оиласи билан сайр қилади, 300 та хизмат кўрсатиш объектлари ишга тушурилади ва 1500 яқин иш жойлари ташкил этилади.
Шулар билан бирга, Навоий, Зарафшон шаҳарлари ва Учқудуқ туманларидаги йирик сунъий кўллар инфратузилмаси яхшиланиб, атрофида пиёда ва велосипед йўлаклари, замонавий чироқлар, ўриндиқлар, селфи зоналари ташкил этилади.
Натижада кунига 30 мингдан зиёд аҳоли дам олиши учун шароит яратилади, 100 дан ортиқ хизмат турлари, 1100 та хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади.
Вилоятда тадбиркорлик қилиш учун қулай инвестицион муҳит яратилиши натижасида ишлаб чиқариш ва инвестициялар миқдори бир мунча ошди.
2017 йилда вилоят саноати 4-5 та йирик корхонага (Навоий КМК, Навоийазот, Қизилқумцемент) боғланиб қолган бўлса, ислоҳотлар натижасида сўнгги 8 йилда саноат корхоналари 3,8 бараварга кўпайди (4,4 мингта).
Саккиз йил олдин тадбиркорлар сони 9,7 мингтани ташкил этган бўлса, бугунга келиб улар сони 3,0 баробарга ошиб 29,6 мингтани ташкил этмоқда
Фаол инвестиция сиёсатининг олиб борилиши натижасида ўтган саккиз йилда вилоятда қиймати 8,0 млрд долларлик 7117 та лойиҳалар амалга оширилиб, 73 мингдан зиёд юқори даромадли янги иш ўринлари яратилган бўлса, биргина 2025 йилнинг ўзида қиймати 3,3 млрд олларлик 565 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларга қўшган муносиб ҳиссаси, ўзининг ёрқин истеъдоди, кенг қамровли илмий-ижодий ва амалий фаолияти билан халқимизнинг интеллектуал салоҳияти ва маънавиятини юксалтиришдаги кўп йиллик самарали хизматлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ юртдошларимиз тақдирланди. Уларнинг орасида 25 нафар навоийликларнинг ҳам борлиги қалбларимизни чексиз фахр ва ифтихорга тўлдирди. Бу эҳтиром барча навоийликларга билдирилган катта ишонч ва эътирофдир.
Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор юксак эътирофларга сазовор бўлган ҳамюртларимизни самимий муборакбод этаман!
Қадрли юртдошлар, азиз меҳмонлар!
Сўзимнинг якунида яна бир бор Сиз азизларни, Сизлар орқали Ватан меҳри билан яшаб, вилоятимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган барча юртдошларимизни “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида нишонланаётган Давлатимиз Мустақиллигининг 34 йиллик байрами билан қизғин ва самимий муборакбод этаман.
