МАЖБУРИЙ ИЖРО БЮРОСИ ФАОЛИЯТИ ЮЗАСИДАН МАТБУОТ АНЖУМАНИ ЎТКАЗИЛДИ
2025-07-23 09:30:00 / Матбуот анжуманлари

Оммавий ахборот воситалари вакиллари, корхона ва ташкилотларнинг ахборот хизмати раҳбарлари ҳамда ёш давлат ижрочилари иштирок этган тадбирда бошқарманинг мутасадди раҳбар ва масъул ходимлари томонидан соҳада амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар, мажбурий ижро тизими тезкорлиги ва самарадорлигини таъминлашда яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
— Мажбурий ижро бюроси фаолиятида ҳам тизимли чора-тадбирлар қабул қилиниб, самарали иш услублари тадбиқ этилиб келинмоқда, — деди Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Назиржон Ғаффоров. — Натижада жорий йилнинг шу даврига қадар 2 триллион 980 миллиард сўмлик 243 минг 564 та ҳужжатлар бўйича ижро ҳаракатлари олиб борилди ва давлат фойдасига 300 миллиард сўм ундирилиши таъминланди. Бундан ташқари, 12 минг 746 та ижро ҳужжати бўйича 86 миллиард сўмга яқин алимент пуллари ундирилиб, ижро ҳаракатлари жараёнида 274 нафар алимент тўловчи ишсиз қарздорларнинг бандлиги таъминланди.
Шунингдек, тадбир давомида давлат ижрочиларининг тезкор ҳаракатлари натижасида қарздорлигини тўламай юрган қидирувдаги 209 нафар шахслар топилиб тегишли чора кўрилганилиги, алимент тўлашдан бўйин товлаб, маъмурий жазога тортилганидан хулоса чиқармаган 22 нафар қарздор оталарга нисбатан жиноят иши қўзғатилганлиги ҳам мутасаддилар томонидан таъкидлаб ўтилди.
Бундай ҳаракатлар замирида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш билан бир қаторда қонун ва одил судловни ҳурмат қилиш, жисмоний ва юридик шахслар ўртасида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини сўзсиз ва ихтиёрий равишда бажариш маданияти ёки кўникмасини шакллантиришга асосий эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди.
Матбуот анжумани давомида оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган ва жамоатчилик эътиборида бўлган долзарб саволларга Бюро раҳбарияти ҳамда масъул ходимлар атрофлича жавоб бердилар.



