Ҳаж сафари учун “Президент ҳожиси” йўлланмаси топширилди
2026-05-12 15:10:00 / Янгиликлар

Бугун Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов томонидан 2026 йил муқаддас Ҳаж сафари учун “Президент ҳожиси” йўлланмаси Кармана туманида яшовчи, ижтимоий соҳа фахрийси Дилмурот ота Холовга топширилди.
Дилмурот Холов узоқ йиллар давомида маҳалла тизимида масъул лавозимларда самарали фаолият юритиб, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келган.
Кўп йиллик ҳалол ва фидокорона меҳнати учун у “Шуҳрат” медали ҳамда I даражали меҳнат фахрийси каби юксак эътирофларга сазовор бўлган. Бугунги кунда ҳам у маҳалладаги “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раиси сифатида жамоатчилик ишларида фаол иштирок этиб келмоқда.
У кишига “Президент ҳожиси” мақомининг берилиши унинг ҳаёт йўли, халқ орасидаги обрўси ва жамият тараққиётига қўшган муносиб ҳиссасига кўрсатилган юксак эҳтиром намунасидир.
Тадбир давомида ҳожилардан муқаддас заминларда юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, Ватанимиз равнақи ҳамда мамлакатимизда амалга оширилаётган эзгу ишлар бардавом бўлиши учун хайрли дуолар қилиш сўралди.
Барча ҳожиларимизнинг ибодатлари қабул бўлиб, сафарлари хайрли ва баракали ўтсин.



