Геологлар байрами олдидан: “Зафаробод” кон бошқармаси
2026-04-06 16:50:00 / Янгиликлар

Ҳозирда хизмат корхонанинг минерал-хомашё базасини мустаҳкамлаш мақсадида 12 та конни ўзлаштириш устида иш олиб бормоқда.
Геология хизмати фаолияти кўп қиррали бўлиб, у узоқ муддатли ривожланиш режаларини ишлаб чиқиш, бурғилаш ва қазиб олиш ишларини назорат қилиш ҳамда геологик маълумотларни таҳлил қилишни ўз ичига олади. Бугунги кунда геологлар янги конларни ўзлаштириш технологияларини такомиллаштириб, ер ости бойликларидан самарали фойдаланиш ва йўқотишларни камайтиришга хизмат қилмоқда.
Айни пайтда бўлимда 40 нафардан ортиқ мутахассис — геологлар, геофизиклар, маркшейдерлар, гидрогеологлар ва техник ходимлар фаолият юритмоқда.
Сўнгги йилларда “Зафаробод” кон бошқармасида марказлаштирилган “Геология ва геофизика ишларини ташкил этиш гуруҳи” ташкил этилиб, Петрел дастури асосида 3Д моделлаштириш орқали захираларни ҳисоблаш йўлга қўйилди. Тезкор гуруҳ томонидан геофизик тадқиқотлар натижалари асосида бурғулаш ишларига оператив кўрсатмалар берилмоқда.
Модернизация натижасида барча жараёнлар рақамлаштирилиб, кон усталари планшетлар ва махсус қурилмалар орқали маълумотларни тўғридан-тўғри марказга узатмоқда. Бу эса бошқарув самарадорлигини ошириб, кон бошқармасининг истиқболдаги ривожига мустаҳкам замин яратмоқда.



