НУРОТАДА ЗАМОНАВИЙ ЭКО БОЗОР ҚУРИЛИШИ БОШЛАНДИ
2026-03-31 14:45:00 / Ақлли шаҳар

Қурилиш ишларига старт бериш тадбирида Нурота тумани ҳокими Азамат Файзиев, мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, бундай лойиҳаларнинг амалга оширилиши нафақат янги иш ўринлари яратиш, балки аҳолига қулай ва замонавий хизмат турларини тақдим этиш, ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.
Лойиҳа доирасида замонавий савдо шохобчалари, маиший хизмат кўрсатиш нуқталари ҳамда экологик тоза маҳсулотлар савдосига ихтисослашган инфратузилма барпо этилиши режалаштирилган. Лойиҳани амалга ошириш натижасида 60 та янги иш ўринлари яратилади ҳамда маҳаллий аҳоли бандлиги таъминланади.
Шунингдек, аҳоли учун замонавий савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шароити яратилиб, маҳаллий бюджетга йиллик 1,0 млрд. сўм миқдорида солиқ тушумлари манбаи шакллантирилади.
Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 15,0 млрд. сўмни ташкил этиб, молиялаштириш ишлари лойиҳа ташаббускори маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.
Ушбу ташаббус Нурота туманини янада обод ва замонавий ҳудудга айлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилади.


