Наврўз — миллий қадриятларимиз боқийлигининг ёрқин намунаси
2026-03-21 09:55:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Наврўз — миллий қадриятларимиз боқийлигининг ёрқин намунаси бўлиб, муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганидек, ўзининг ўлмас руҳи ва умуминсоний ғоялари билан башарият ҳаётидан чуқур ўрин эгаллаган бетакрор байрамдир.
Унинг ЮНЕСКО томонидан умумжаҳон номоддий маданий мерос рўйхатига киритилгани, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 21 мартнинг Халқаро Наврўз куни деб эълон қилингани аждодларимиз закосига юксак эҳтиром ва эътироф намунаси бўлиб, бугунги авлод учун ғурур ва ифтихор манбаидир.
Наврўзнинг ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни фақат табиат уйғониши ва кеча-кундуз тенглашиши билан чекланмайди. У, энг аввало, инсонларни бирлаштириш, меҳр-оқибат, саховат ва эзгу ниятларни тарғиб этишда беқиёс аҳамиятга эга.
Бу байрам асрлар давомида шаклланган маънавий меросимизни асраб-авайлаб, уни авлоддан-авлодга етказишга хизмат қилади. Шунингдек, турли миллат ва элатлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди.
Шу маънода, Наврўз юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакилларининг севимли байрамига айланган. Зеро, бу эзгулик тимсоли бўлган айём шунчаки оммавий тадбир эмас, балки халқларни бирлаштирувчи, улар қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини мустаҳкамловчи бебаҳо қадриятдир.
Наврўз — умрбоқий халқ анъаналари ва инсоний фазилатларни ўзида мужассам этган буюк байрамдир. Унинг нуфузи ва аҳамиятини асраб, келажак авлодга бой маънавий ва маданий мерос сифатида етказиш ҳар биримизнинг юксак масъулиятимиздир. Бу эса барчамиздан инсонийлик, меҳр-оқибат, мурувват ва меҳнатсеварлик каби фазилатларга содиқ бўлишни талаб этади.
Наврўз айни пайтда меҳнат ва бунёдкорлик, табиатни асраш, ободонлаштириш айёми ҳамдир. Шу боис, вилоятимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий ҳаракатида фаол иштирок этиш, атроф-муҳитни асраб-авайлаш ҳар биримиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Зеро, Наврўзнинг файзли нафаси барчамизни янги бунёдкорлик ишларига, она заминимизга меҳр билан хизмат қилишга чорламоқда.
Азиз юртдошлар!
Сизларни яна бир бор уйғониш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми — Наврўзи олам билан самимий муборакбод этаман!
Янги кун она заминимизга тўкин-сочинлик, ҳар биримизнинг хонадонимизга қут-барака олиб келсин!
Эзгу ният ва амаллар, меҳр-оқибат, меҳнатсеварлик ва шижоат қалбларингизни тарк этмасин!
Ҳар доим соғ-омон бўлинг!
Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!
Ҳурмат билан, Нормат Турсунов,
Навоий вилояти ҳокими.
