Нормат Турсунов бошчилигидаги делегация Хитой Халқ Республикасининг Нинся-Хуэй вилоятида
2026-03-16 09:30:00 / Янгиликлар

Делегациянинг дастлабки манзили "Байцзитан" миллий табиат қўриқхонаси бўлиб, чўлланишга қарши курашиш тажрибаси билан танишилди.
Байцзитан миллий табиат қўриқхонаси Нинся тажрибасининг амалий намунаси ҳисобланади. У ерда қумни мустаҳкамлаш технологиялари, муҳофаза камарлари, парвариш ишлари, аҳолини жалб қилиш усуллари ва экологик тикланишни иқтисодий фаоллик билан боғлаш механизмлари жойида кўрилди.
Маълумот учун, Нинся-Хуэй автоном райони Хитойда чўлланиш хавфи юқори бўлган ҳудудлардан биридир. Ҳудуд қуруқ иқлим, шамол эрозияси, қум кўчиши, ер деградацияси ва сув танқислиги таъсирида узоқ йиллар давомида қийин экологик шароитда ривожланган. Расмий маълумотларга кўра, 1960 йилларда чанг-тўзонли кунлар йилига ўртача 60 кунни, 1970 йилларда эса 79 кунни ташкил этган.
Шу боис, Нинся тажрибаси оддий кўчат экиш амалиёти эмас, балки муҳандислик ечимлари, давлат сиёсати, ердан фойдаланиш тартиби, молиялаштириш ва экологик тикланишни иқтисодий фаоллик билан боғлашнинг комплекс намунаси ҳисобланади.




