Навоийда тарихий ютуқ: илк бор жигар трансплантацияси муваффақиятли амалга оширилди
2026-03-10 14:40:00 / Янгиликлар

Бу воқеа — нафақат бир бемор ҳаётини сақлаб қолиш, балки бутун Навоий вилояти соғлиқни сақлаш тизими учун янги босқичнинг бошланишидир.
Бемор 1983 йилда туғилган бўлиб, узоқ йиллар давомида жигар циррози билан оғриб келган. Касаллик оғирлашиб, жигар етишмовчилигига олиб келган. Консерватив даволаш усуллари самара бермагани сабабли трансплантация ягона умидга айланди.
Донор — беморнинг аёли (1983 йилда туғилган). Операциядан олдин ҳар иккиси чуқур ва босқичма-босқич текширувлардан ўтказилди. Барча лаборатор таҳлиллар, КТ ва МРТ текширувлари, қон гуруҳи ва тўқима мослиги аниқланди, кардиологик ва анестезиологик баҳолашлар амалга оширилди. Кўп тармоқли консилиум ижобий хулоса берди.
Операция 12 соат давом этди.
Иккита операция бригадаси бир вақтнинг ўзида ишлади:
— бири донордан жигарнинг бир қисмини ажратиб олди;
— иккинчиси реципиентга трансплантацияни амалга оширди.
Бу юқори даражадаги маҳорат, аниқлик ва халқаро трансплантология стандартларига қатъий риоя қилишни талаб қилди.
Айни вақтда донор ва реципиентнинг аҳволи барқарор:
Гемодинамик кўрсаткичлар барқарор
Трансплантат функцияси қониқарли
Доимий тиббий назорат остида
Бу шунчаки бир операция эмас. Бу — Навоий вилоятида тўлиқ шаклланган трансплантация дастурининг бошланиши.
Бу — шифокорларимиз салоҳияти, жамоавий меҳнат ва инсон ҳаётига бўлган юксак масъулиятнинг ёрқин ифодасидир.


