Навоийда шахмат бўйича U-20 Ўзбекистон чемпионати старт олди!
2026-01-26 10:00:00 / Янгиликлар
Бугун Навоий вилояти, Қизилтепа туманидаги муҳташам “Тўдакўл” Халқаро шахмат мактабида 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўз ишини бошлади.

Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Навоий вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи ҳамда “Тўдакўл” Халқаро шахмат мактаби директори сўзга чиқиб, мусобақани расман очиб берди. Иштирокчиларга омад тилаб, ушбу чемпионат келажак чемпионларини кашф этишда муҳим қадам эканлиги таъкидланди.
Маълумот ўрнида баҳслар ўғил болалар ва қизлар ўртасида алоҳида гуруҳларда, айланма тизимда (11 тур) стандарт йўналиш бўйича ўтказилмоқда. Ҳар бир гуруҳда сараланган 12 нафар кучли шахматчи дона суради.
Ғолиблар қимматбаҳо совринлар билан бирга 2026 йилги Ўзбекистон чемпионати (Олий лига) йўлланмасини ҳам қўлга киритадилар!



