Навбаҳорда замонавий иссиқхона лойиҳаси
2026-01-07 16:30:00 / Янгиликлар
Навбаҳор тумани ҳокими Алишер Рашидов “Пахтакор” маҳалласи ҳудудида жойлашган Туркия давлатининг “ASYA SERA GARDEN” МЧЖ хорижий корхонаси раҳбарияти билан лойиҳани янада ривожлантириш масалалари бўйича музокаралар ўтказди.

Учрашув давомида 4,5 гектар ер майдонида гидропоника усулида ташкил этилган иссиқхонани кенгайтириш, етиштирилаётган маҳсулотлар ҳажмини ошириш ҳамда уларни ташқи бозорларга экспорт қилиш истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, лойиҳа доирасида янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар инвестиция лойиҳасини қўллаб-қувватлаш, зарур инфратузилма ва ташкилий масалаларни ҳал этиш бўйича ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олдилар. Ушбу лойиҳа туман қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

