Бугунги инновация — эртанги тараққиёт, Карманада АИ асосидаги лойиҳалар
2025-12-17 15:25:00 / Ақлли шаҳар

Мазкур ташаббуслар қишлоқ хўжалиги ва жамоат инфратузилмасини рақамлаштириш орқали самарадорликни ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда аҳолига қулай шароитлар яратишга қаратилган.
Аграр соҳада жорий этилаётган лойиҳа доирасида экин майдонларини дронлар ёрдамида масофадан кузатиш, ҳосилдорликни сунъий интеллект асосида таҳлил қилиш, сув ва ўғит сарфини оптималлаштириш режалаштирилган. Ушбу технологиялар орқали тупроқ ҳолати, ўсимликларнинг ривожланиш босқичи ва эҳтиёжлари аниқланиб, фермерларга аниқ тавсиялар берилади. Натижада ишлаб чиқариш харажатлари камайиб, ҳосилдорлик ва даромад ошади.
Бундан ташқари, аҳоли турмуш сифатини яхшилаш мақсадида замонавий “ақлли авто бекат” ва ташқи “ақлли ўриндиқлар” лойиҳалари ҳам тақдим этилди. Ушбу инфратузилмалар қуёш энергияси асосида ишлаши, мобил қурилмаларни қувватлаш имконияти, Wi-Fi, видеокузатув ҳамда электрон ахборот дисплейлари билан жиҳозланиши режалаштирилган. Бу эса аҳолига қулай, хавфсиз ва замонавий шароитлар яратишга хизмат қилади.
Кармана туманида бошланган ушбу лойиҳалар давлат сиёсатида белгиланган рақамли трансформация жараёнларининг амалий ифодаси бўлиб, сунъий интеллект технологияларини реал сектор ва кундалик ҳаётга кенг жорий этишга замин яратади.
Дарҳақиқат, келажакни рақамли технологиялар билан бугун бошласак, эртага унинг самарали натижаларини кўрамиз. Ушбу ташаббуслар нафақат бугунги муаммоларга ечим, балки барқарор ва инновацион ривожланиш сари муҳим қадамдир.


