Шароф Рашидов туманида коррупцияга қарши талаблар ижроси ўрганилди
2025-10-23 08:30:00 / Янгиликлар

Ўрганиш жараёнида ҳокимликда коррупцияга қарши курашиш бўйича белгиланган тартиб-таомиллар, ички норматив ҳужжатларнинг бажарилиши, шунингдек, коррупцияга қарши талаб ва меъёрларга риоя этилиши ҳолати назорат тартибида кўриб чиқилди.
Тадбир давомида туман ҳокимлиги ходимларига “Коррупцияга қарши курашиш сиёсати”, “Манфаатлар тўқнашувини бошқариш тўғрисидаги низом”, одоб-ахлоқ қоидалари ҳамда “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун талаблари юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, 2025 йилнинг ўтган 9 ойи давомида маҳаллий ҳокимлик органларида айрим мансабдор шахслар томонидан содир этилган жиноий хатти-ҳаракатлар ҳамда мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ салбий ҳолатлар мисолида таҳлилий маълумотлар тақдим этилди.
Учрашувда бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш йўналишида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва уларнинг амалий аҳамияти ҳақида маълумотлар берилди.
Бундан ташқари, коррупциявий хавф-хатар юқори бўлган лавозимларда фаолият юритаётган ходимлар билан якка тартибда профилактик суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг хизмат фаолиятида қонун талабларига қатъий риоя этиш зарурлиги эслатиб ўтилди.
Шунингдек, 2025 йилнинг 9 ойи давомида ишга янги қабул қилинган 4 нафар ходимнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича билим ва кўникмалари оширилиб, улар ички идоравий ҳужжатлар билан таништирилди ва имзо асосида тасдиқлаш ишлари амалга оширилди.


