Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчиси Мустафоев Улуғбек Мавлоновичнинг вилоят ғаллакорларига табриги
2025-06-28 08:00:00 / Янгиликлар

Сизларни 2025 йил ҳосилидан дон топшириш бўйича шартномавий режалар бажарилганлиги билан табриклайман.
Ушбу ютуқ бунёдкорлари бўлмиш – миришкор деҳқон ва фермерлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар, соҳанинг жонкуяр олимлари ва мутахассисларига чуқур ҳурмат бажо келтириб, чин дилдан таъзим қиламиз.
Айниқса, Ҳурматли Президентимизнинг соҳада яратиб берган шарт-шароитлари ва алоҳида ғамхўрликларини энг асосий пойдевор эканлигини қайд этиб ўтмоқчиман.
Дунёдаги энг қадимий ва олийжаноб касб эгалари ҳисобланган, эл-юрт дастурхонини тўкин ва фаровон этадиган ғоят муҳим соҳанинг залворли юкини ўз елкасида кўтариб келаётган сизлар каби минглаб юртдошларимизнинг фидойи меҳнати ва жасорати ҳар қандай юксак эътирофга муносибдир.
Албатта, қишлоқ хўжалиги соҳасида осон ва енгил йилнинг ўзи бўлмайди. Табиат инжиқликлари, сув ресурсларининг чеклангани, турли ҳашарот ва зараркунандалар билан курашиш ҳар бир деҳқондан катта азму шижоат, миришкорлик ва тажрибани талаб этади. Халқимиз сизларнинг ана шундай ибратли фазилатларингизни яхши билади ва юксак қадрлайди.
Жорий йилда ҳам вилоятимиз ғаллакорлари 88,1 минг гектар сувли ва 100 минг гектарга яқин лалми майдонларга уруғ қадаб, сувли майдонларнинг ҳар гектаридан ўртача 70-80 центнердан ҳосил кўтаришди. Баракали ҳосил етиштиришда вилоятнинг Пахтакор, Дўстлик, Арнасой каби обикор туманлари, лалмида эса Янгиобод, Бахмал ва Зомин каби туманларнинг ҳиссалари катта бўлди.
Айниқса, бу йил 100 дан зиёд фермерларимиз фидойилик кўрсатиб, ҳар гектар ғалладан 90-100 центнердан хирмон кўтаришди. Бу борада, Пахтакор туманидаги “Анвар А”, Дўстлик туманидаги “Асал момо“, Арнасой туманидаги “Суюнов Сардор даласи”, Зафаробод туманидаги “Янги тонг“, Шароф Рашидов туманидаги “Қўрғонтепа”, Мирзачўл туманидаги “Ботир Ислом”, Зарбдор туманидаги “Мусурмон дов”, Зомин туманидаги “Бек” фермер хўжаликлари номларини алоҳида қайд этиб ўтмоқчиман.
Мавсум якуни билан жами 850 минг тонна ёки ўтган йилга нисбатан 150 минг тонна кўп ғалла ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.
Бу ютуқларга эришишда, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 майдаги “Ғаллани етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-262-сонли қарорига асосан соҳага бозор механизмларини кенг жорий қилиниши, фермерларимизда ерга бўлган муносабатни тубдан ўзгартириб, ғалла ҳосилдорлигини янада оширишга, қилган меҳнатлари эвазига катта иқтисодий даромад топишга бўлган интилишларини сезиларли даражада кучайтирди.
Шунингдек, сифатли уруғлик тайёрлашга алоҳида эътибор бериш, ишлаб чиқаришга илмни олиб кириш бўйича берган тавсияларга асосан катта майдонларда ғалланинг Алексевич, Васса, Гром, Веха каби ҳосилдор навлари экилиши мўл ҳосил етиштиришнинг асосий гарови бўлди.
Фидоий фермерлар, қўли-қадоқ деҳқонларимиз томонидан, йил бошидан ғаллачиликда амалга ошириладиган агротехника тадбирларини аниқ белгилаб, бу борада ишларни тизимли ташкил қилингани ҳам ўз самарасини берди.
Эскидан гап бор, “Чилла суви-тилла суви” деган, бу бежизга айтилмаган. Жонкуяр сувчиларимиз, қишнинг совуқ кунларига қарамасдан фидойилик кўрсатишиб, ғаллага чилла суви беришди.
Қолаверса, баҳор ойларида камида яна икки марта суғорилганлиги,бу борада сув хўжалиги ташкилотларининг 2 минг нафар ва фермерларнинг 5,6 минг нафар сувчилари меҳнатларини алоҳида эътироф этишимиз керак.
Бундан ташқари,ғалла майдонларининг сув таъминотини яхшилаш учун, вилоятда 10 январдан - 10 мартгача “Зарбдор 70 кунлик” эълон қилиниб, ҳашар йўли билан 525 километр коллектор, 385 километр канал тозаланди, 86 километр канал таъмирланди, 2144 дона лоток алмаштирилди.
Натижада, 39 минг гектар ғалла майдонларининг сув таъминоти яхшиланишига эришилди.
Қолаверса, ғалла майдонлари гектарига ўртача 600 килограммдан азотли, 200-250 килограммдан фосфорли минерал ўғитлар билан, 4 марта суспензия билан баргидан озиқлантирилди, бегона ўт ва касалликларга қарши кимёвий препаратлар билан ишлов ўтказилди.
Шунингдек, тажрибали аграномлардан иборат “Оқсоқоллар” гуруҳи ташкил этилиб, ғалла майдонларида мониторинг тизими жорий қилинди ва аниқланган камчиликлар пешма-пеш бартараф қилиб борилди.
Шу билан биргаликда, ғалла ҳосили етиштириш учун Жамғарма томонидан 317 млрд. сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилганлигини ҳам қайд этиб ўтмоқчиман.
Ҳурматли фермер ва механизаторлар.
Бу йил ғалла шартномавий режасининг 25 иш кунида бажарилиши, албатта таҳсинга сазовор. Айниқса, бунда ўрим-йиғимнинг отряд усулида тизимли ташкил қилиниши, таъминот масалаларнинг ўз вақтида ҳал этилиши, қолаверса, 27 дона янги юқори унумли дон ўриш комбайнларининг харид қилиниши, отряд раҳбарлари, отрядларга жалб қилинган фидойи инсонлар, механизатор ва ташиш техникалари ҳайдовчиларининг бир оила бўлиб, фидоийлик кўрсатганлари асосий омил бўлди.
Қораверса, ғалла ўримини ташкил қилишда прокуратура, ички ишлар, миллий гвардия, фавқулодда вазиятлар, божхона бошқармалари ва мажбурий ижро бюроси каби ташкилотлар раҳбар-ходимларининг меҳнатларини ҳам алоҳида эътироф этиб, уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Ҳали далаларимизда ўрилмай турган ғалла майдонларимиз бор. Ушбу ҳосилни ҳам қисқа муддатларда ўриб-йиғиб олишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишди.
Ғаллачиликда эришилган юқори натижалар фермерларимизга
2,2 трлн. сўм даромад олиб келиши кутилмоқда.
Фермерларимизнинг иқтисодий кўрсаткичларини янада яхшилаш ҳамда вилоятда ишсизликни бартараф қилиш мақсадида ғалладан бўшаган 83,5 минг гектар майдонларга такрорий экинлар экиш, ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган 18,7 минг нафар эҳтиёжманд ишсиз фуқароларимизга озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш учун 21 минг гектардан ошиқ ер майдонлари ажратиб берилиб, экиш тадбирлари амалга оширилмоқда.
Ушбу такрорий майдонлардан 700 минг тонна маҳсулот етиштириш кўзда тутилмоқда.
Ҳурматли фермер ва деҳқонлар.
Мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, эл-юртимиз дастурхонини янада фаровон қилишда сиз каби фидойи қишлоқ хўжалиги ходимлари бундан кейин ҳам ўзларининг бор билим ва тажрибаларини, куч-ғайрат ва имкониятларини сафарбар этадилар, деб қатъий ишонаман.
Сизларни яна бир бор ғаллачиликдаги ютуқлар билан чин дилдан табриклайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, масъулиятли ва шарафли меҳнат фаолиятингизда улкан зафарлар, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик ва қут-барака тилайман.
Ҳурмат билан,
Жиззах вилояти ҳокими в.б.
У.М.Мустафоев
27.06.2025 йил
