“Buyuk Ipak Yo‘li – Zomin” махсус саноат зонасидаги технопарк: янги инновациялар ва иқтисодий юксалиш сари қадам
2025-06-12 14:25:00 / Янгиликлар

Лойиҳанинг умумий қиймати 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Бугунги кунга келиб, ушбу маблағнинг 200 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилиб, дастлабки инфратузилма ва ишлаб чиқариш объектлари қурилиб, айрим корхоналар фаолият юрита бошлади.
Технопаркнинг асосий мақсади — замонавий технологияларга асосланган, рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган ишлаб чиқариш субъектларини жамлаш ҳамда улар учун барча шароитларни яратишдан иборат. Ушбу майдонда электр техникаси, қурилиш материаллари, кимё, озиқ-овқат, енгил саноат, автоматика, робототехника ва бошқа йўналишларда фаолият юритувчи корхоналар ташкил этилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, технопарк доирасида илмий-тадқиқот марказлари ва стартап лойиҳалар учун инкубаторлар ташкил этилиши режа қилинган. Бу эса ёш мутахассислар ва тадқиқотчилар учун амалиёт ва тадбиркорликни бирлаштирган инновацион муҳитни шакллантиради.
Маҳаллий аҳоли учун муҳим томонлардан бири шундаки, лойиҳа амалга оширилиши натижасида минглаб янги иш ўринлари яратилади. Бу нафақат Зомин тумани, балки бутун ҳудудда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Айни пайтда хорижий инвесторларни жалб этиш орқали маҳаллий ва халқаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиши ҳам кутилмоқда.
“Buyuk Ipak Yo‘li – Zomin” технопарки жойлашуви жиҳатидан ҳам қулай ҳисобланади — у темир йўл, Зомин аэропорти ва автомагистралларга яқин жойлашган. Бу эса маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларга тез ва самарали етказиш имконини беради.
