Видеорепортаж: BMB HOLDING — Жиззах вилоятидаги иқтисодий ўсиш ва замонавий инфратузилманинг муҳим таянчи бўлиб хизмат қилмоқда
2025-05-21 09:25:00 / Янгиликлар

Жиззах шаҳри, Арнасой, Бахмал ва Шароф Рашидов туманларида амалга оширилган йирик лойиҳалар натижасида ўн минглаб доимий ва мавсумий иш ўринлари яратилиб, аҳоли бандлиги таъминланмоқда.
Айнан Арнасой ва Бахмал каби туманларнинг чекка ҳудудларида амалга оширилаётган ишлар натижасида нафақат аҳоли бандлиги таъминланмоқда, балки ушбу ҳудудларда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари ҳам амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Шу билан бирга, Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов туманида йирик ишлаб чиқариш корхоналарининг фаолият юрита бошлаши вилоятнинг иқтисодий ривожига катта туртки бўлмоқда.
BMB HOLDING нафақат ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш, балки туризм ва йўловчиларга сифатли сервис хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳам самарали фаолият юритмоқда.
Хусусан, Тошкент вилоятининг Чиноз тумани ва Жиззах шаҳри марказида жойлашган туристлар ва йўловчиларга мўлжалланган меҳмонхона, ресторан, автотураргоҳ каби объектларнинг фаолиятини қайд этиш лозим.
Ушбу ишлар узвий давоми сифатида Шароф Рашидов туманида жойлашган BMB HOLDING таркибидаги “BMB VILLAGE” мажмуасини ҳам алоҳида таъкидлаш зарур.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги "Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонида магистраль йўллар ёқасида туристлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, туристик инфратузилма объектларини ташкил этиш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланган.
Ушбу устувор вазифалардан келиб чиқиб, BMB HOLDING вилоятда туризм ва сервис соҳасини ривожлантиришга қаратилган навбатдаги йирик лойиҳа — “BMB VILLAGE” мажмуасини фойдаланишга топширди.
Замонавий услубда барпо этилган мазкур мажмуа BMB HOLDING томонидан 2025 йилнинг май ойининг ўзида да фойдаланишга топширилган учинчи объект бўлиб, Шароф Рашидов туманидан ўтувчи М-39 магистрал йўли ёқасида жойлашган.
Кўп тармоқли “BMB VILLAGE” мажмуаси таркибига 45 ўринли, замонавий дизайнда қурилган меҳмонхона, ресторан, автотураргоҳ, автомобил ювиш шаҳобчаси ҳамда кийим ювиш хизматлари киради.
Лойиҳанинг умумий қиймати 15 миллиард сўмни ташкил этиб, унинг амалга оширилиши орқали Жиззах вилоятида ички ва ташқи туризмни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда ҳудуд инфратузилмасини мустаҳкамлаш режалаштирилган.
Қолаверса, BMB HOLDING ташаббуси билан амалга оширилаётган ушбу лойиҳа нафақат иқтисодий, балки маданий-маърифий жиҳатдан ҳам аҳолининг эҳтиёжларига жавоб беради.
Бир сўз билан айтганда, BMB HOLDING қайси йўналишда фаолият юритмасин, Давлатимиз раҳбари бошчилигида барпо этилаётган Янги Ўзбекистонни гуллаб-яшнатиш, халқимиз фаровонлигини ошириш ва юртимиз тараққиёти йўлида барча имкониятлари ва салоҳиятини сафарбар этишда давом этмоқда.






