Жиззах шаҳрида Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Ушбу муҳим сана муносабати билан ташкил этилган маросимда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Тадбир давомида мотамсаро Она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди. Иштирокчилар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийларини ҳурмат билан ёдга олиб, уларнинг мардлиги ва жасоратини эҳтиром билан тилга олишди. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳам ёдгорлик пойига гуллар қўйиб, ватанпарварлик анъаналарига садоқат намунасини кўрсатишди.
Бу кун — халқимиз тарихидаги энг машаққатли, аммо шарафли саҳифаларни эслаш, мардлик ва фидойилик тимсоли бўлган авлодлар хотирасига ҳурмат бажо келтириладиган муқаддас санадир.
Тадбир давомида ёшлар ва нуронийлар ўртасида ватанпарварлик руҳини юксалтиришга қаратилган суҳбатлар ўтказилди.
Шу билан бирга, 2-жаҳон урушида қатнашган ва уларга тенглаштирилган вакиллар ҳолидан хабар олинди.
Жумладан, Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев Зомин тумани "Дуоба" маҳалласи Еттикечув қишлоғида истиқомат қилувчи 2-жаҳон уруши иштирокчиси Холбек Равшанов хонадонига бориб, ҳолидан хабар олди ҳамда Давлатимиз раҳбари томонидан юборилган пул мукофоти ва совғаларни тантанали тарзда топширди.
Шунингдек, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ғайрат Қодиров томонидан Шароф Рашидов тумани "Қўшкўприк" маҳалласида яшовчи Мамашариф Содиқовга ҳамда вилоят прокурори Бахтиёр Иброҳимов томонидан Жиззах шаҳар "Зилол" маҳалласида яшовчи Вера Толпееваларнинг ҳам холидан хабар олиниб, совғалар топширилди.
Бу сана – халқимизнинг мард ўғлонлари томонидан кўрсатилган фидойилик, жасорат ва сабр-тоқатнинг унутилмас рамзидир. Биз барчамиз бугунги тинч ва осойишта ҳаёт учун миннатдормиз.