Видеорепортаж: Жиззах шаҳрида кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари жадал давом этмоқда
2025-05-08 16:30:00 / Янгиликлар

Бу ишлар нафақат шаҳарнинг эстетик қиёфасини яхшилаш, балки фуқароларнинг турмуш тарзини янада барқарор ва қулай қилишга хизмат қилмоқда.
Айни пайтда "Ўзйўлкўприк кластери" давлат муассасаси корхонасининг Жиззах вилояти филиали томонидан шаҳар йўлларини реконструкция қилиш ва янгилаш борасидаги ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Хусусан, Қалий маҳалласи масжиди ёнидаги чоррахадан Тошкент кўчаси чоррахасигача бўлган тахминан ярим чақиримлик йўл участкасида янги асфальт қопламаси ётқизиш, пиёдалар йўлаклари қуриш ҳамда йўл бўйлаб янги лоток (ёрдaмчи сув тармоқлари) ўрнатиш ишлари жадал суръатда олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, Қалий маҳалласида жойлашган Халқлар дўстлиги шоҳ кўчасида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Йўл тузилиши тўлиқ янгиланиб, замонавий талабларга жавоб берадиган ҳолатга келтирилмоқда.
Шаҳар марказидаги йўллар ҳам алоҳида эътиборда. Хусусан, Жиззах шаҳрининг асосий кўчаларидан бири саналадиган “Ислом Каримов” кўчасида ҳам янги асфальт қопламаси ётқизилди, пиёдалар учун қулай ва хавфсиз йўлаклар барпо этилди. Кўча атрофи кенг кўламда ободонлаштирилиб, яшил ҳудудлар барпо этилди.
Алишер Навоий кўчасидаги кўп қаватли турар жой биноларининг ташқи фасад қисмлари ҳам янгиланди. Шунингдек, уйларга туташ ҳудудларда ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, ёритиш тизими янгиланди, замонавий ўриндиқлар ва чиқиндилар учун контейнерлар ўрнатилди.
Умуман олганда, Жиззах шаҳридаги мазкур ишлар шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолига муносиб шароит яратиш ва умумий шаҳар муҳитини яхшилашга хизмат қилмоқда. Мазкур лойиҳалар доимий равишда амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бу орқали Жиззах замонавий, яшаш учун қулай ва гўзал шаҳарга айланиши шубҳасиз.
