Жиззахда ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича тайёргарлик ишлари давом этмоқда
2025-03-25 09:10:00 / Янгиликлар

Шу жумладан, "Жиззах сув таъминоти" АЖга қарашли барча ичимлик суви узатиш ва сақлаш иншоотларида баҳор-ёз мавсумига тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда.
Мазкур жараён доирасида вилоятнинг турли ҳудудларида муҳим техник хизмат кўрсатиш ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, Мирзачўл ва Зафаробод туманларидаги Марказий сув иншоотларида насос агрегатларини мойлаш, электр шитларида профилактика ҳамда техник хизмат кўрсатиш бўйича махсус тушунтириш ва ўқув семинарлари ташкил этилди.
Ушбу тадбирлар ичимлик суви таъминотининг барқарорлигини ошириш ва истеъмолчиларга янада сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида ўтказилмоқда. Бунда тажрибали мутахассислар ва муҳандис-техник ходимлар жалб этилиб, иншоотларнинг самарали ишлашига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, мавжуд сув узатиш тармоқларида техник носозликларнинг олдини олиш, иншоотларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда сув сифати назоратини кучайтириш бўйича режали тадбирлар амалга оширилмоқда. Баҳор-ёз мавсумининг келиши билан сувга бўлган талаб ортиши инобатга олиниб, муҳандислик иншоотлари доимий мониторинг остида сақланмоқда.
Жиззах вилояти аҳолисига сифатли ичимлик суви етказиб бериш жараёнида амалга оширилаётган ушбу техник тайёргарлик ишлари келгусида сув таъминотининг узлуксиз ва самарали бўлишини таъминлашга хизмат қилади.


