Адолат йўлида бирлашайлик!
2025-02-18 07:00:00 / Янгиликлар

Мазкур партия Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши депутатлари ва бошқа жамоатчилик вакилларининг ташаббуси ҳамда саъй-ҳаракатлари билан ташкил этилди. Айнан шу куни партиянинг таъсис Қурултойи бўлиб ўтди. Қурултойда партия Низоми ва дастурлари тасдиқланди. Буюк бобомиз Амир Темурнинг “Куч – адолатда” шиори партиянинг асосий шиори сифатида белгиланди. Шунингдек, Қурултой қарори билан партиянинг босма нашри – “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси ҳам таъсис этилди ва 1995 йил 22 феврал кунидан бошлаб мунтазам равишда чоп этила бошлади. Ўша йилнинг ўзида партияга 3000 нафардан ортиқ фуқаролар аъзо бўлишган. Республикамизнинг барча ҳудудларида юзлаб бошланғич партия ташкилотлари ҳисобига маҳаллий ва ҳудудий кенгашлар ташкил топди. Хусусан, Ўзбекистон "Адолат" СДП Жиззах вилоят Кенгаши 1995 йил 18 майда ташкил этилган бўлиб, партиянинг вилоят Кенгаши 1-Конференцияси 18 май куни чақирилган. Шунингдек, конференцияда Ўзбекистон "Адолат" СДП Жиззах вилоят Кенгаши биринчи котиби этиб “Жиззахшартномасавдо” ҳудудий бошқармаси бошқарув раиси Ўринбой Қўлдошев сайланган. Шунингдек, кейинчалик устозларимиз Қудратилла Рафиқов, Хусан Эрматов, Мухтор Эшбеков, Анвар Темиров, Нурмамат Шодиев ҳамда Рустам Тўйчиевлар партиянинг вилоят Кенгаши раиси этиб сайланган. Партия фаолиятини такомиллаштириш, вилоятда партия танилувчанлиги ва нуфузини оширишда уларнинг ҳиссаси катта.
Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда Жиззах вилоятида партия тарафдорлари сони сезиларли даражада ортиб бормоқда. Биргина мисол, мен 2017 йил партияда ўз иш фаолиятимни бошлаган кезларим, вилоятда партия аъзолари сони 14027 нафарни ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 111480 нафарга етган. Қолаверса, партиямиз сафида хотин-қизлар улуши 52 фоиз, ёшлар улуши эса 44 фоизни ташкил этади. Албатта, бунда партия фаолларимиз ва депутатларимиз партиянинг ғоя ва мақсадларини, лойиҳаларини жойларда кенг тарғиб этиш, аҳолининг турли қатламларига чуқурроқ кириб бориш, халқ орасида танилувчанлиги ва нуфузини юксалишида самарали меҳнат қилишмоқда. Партиянинг ўз электорати, айниқса, ёшлар, хотин-қизлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар билан ишлаш, уларнинг ҳаётий муҳим манфаатларини таъминлаш борасида олиб бораётган ишларини алоҳида таъкидлаш лозим.
Партиянинг асосий мақсади – Ватан мустақиллигини мустаҳкамлаш, ислоҳотларнинг жадаллашувига, ҳуқуқий-демократик, адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш ва пировардида, Ўзбекистонни жаҳонда ривожланган мамлакатлар сафидан мустаҳкам ўрин олишига муносиб ҳисса қўшишдир. Бу борада партия фаоллари салмоқли ишларни амалга оширишмоқда. Шунингдек, бунда депутатларнинг ҳам ҳиссаси бор. Яхши биламиз, депутатлар халқ вакили шунингдек, партияни танилувчанлиги ва нуфузини оширишда асосий роль ўйнайди. Депутатлар фаолияти қанча самарали бўлса, халқнинг партияга бўлган ишончи ҳам шунча ортиб боради. Депутатлар фаолиятига тўхталадиган бўлсам, бизнинг адолатчи депутатларимиз доимо фаол, эл-юртнинг ташвиш ва муаммолари билан яшайдиган, катта билим ва тажрибага эга бўлган фидойи инсонлардир. 1994-1995 йилда илк Олий Мажлисга ўтказилган сайловларда “Адолат” СДП ҳам фаол иштирок этиб, ўша даврда Олий Мажлисда партиянинг 47 нафар депутати бўлган. Шундан, вилоятимиздан 2 нафар депутат Олий Мажлис депутати этиб сайланганди. Булар, 68-Учтепа сайлов округидан Омон Олимжонов ҳамда 74-Пахтакор сайлов округидан Мўътабар Содиқовалар эди. Уларнинг олиб борган фаолиятлари билан танишар эканман, бугунги кундаги депутатларимизга ҳар томонлама ўрнак бўла олади десам муболаға бўлмайди. Бугунги кунда маҳаллий Кенгаш депутатлари 45 нафарни ташкил этиб, самарали меҳнат олиб боришмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Жиззах вилоят Кенгаши ўтган 30 йиллик давр мобайнида бир қанча ташаббусларни илгари сурди. Булардан бири сифатида юксак маънавиятли, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган ёшларни тарбиялаш мақсадида “Истеъдод клуби” ташкил этилганди ҳамда клуб аъзоларининг доимий фаолиятларини олиб бориши ҳамда машғулотлар ўтказиб бориши учун хона ажратилиб, керакли жиҳозлар билан жиҳозланганди. Вилоятимиз ёшларининг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари, онги ва маданиятини юксалтириш борасида клубимиз ўрни беқиёс. “Истедод клуби” фаол, талабчан, иқтидорли ёшларни ўз атрофига бирлаштирган эди.
Шунингдек, Партиямизнинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат” шиори остида саёҳатлар ташкил этганмиз. Албатта саёҳатларни ташкил этишимизда Жиззах вилоят ҳокимлиги, ҳомийлар ва бошқа ҳамкор ташкилотлар яқиндан ҳамкорлик қилишган. Бундан асосий мақсад, ички туризмни ривожлантириш, ёшларга улуғ бобокалонларимизнинг маънавий меросини таништириш, аждодларга муносиб ворис бўлиш, ёшларда ўзларига бўлган ишонч ва шижоатни янада ошириш эди. Бундай мисолларни кўп келтиришимиз мумкин.
Бундан ташқари, бугунги кунда “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!”, “Бор меҳримиз сенга, болажон!” донорлик акцияси, “Биз зўравонликка қаршимиз”, “Қандли диабетга қарши курашиш ҳафталиги” лойиҳалари доирасида кенг кўламли тадбирлар ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП мафкуравий ва ташкилий жиҳатдан мустаҳкамланиб, халқ орасида ўз ўрнига эга бўлиб бормоқда. Партиянинг асосий мақсадларидан бири, бу адолатли жамият ва ҳуқуқий давлат барпо этишдир.
“Адолат” СДПнинг 30 йиллик тантанаси билан барча партиядошларни самимий муборакбод этиб, партиямизнинг келгуси иш фаолиятига улкан зафарлар ва муваффақиятлар тилайман!
Ориф Шукуров,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Жиззах вилоят Кенгаши раиси
