Вилоятимизнинг ҳар бир гўшасини бунёдкорлик ва ободлик масканига айлантиришда барчамиз муносиб ҳисса қўшайлик!
2025-02-05 06:00:00 / Янгиликлар

Ҳурматли жиззахликлар!
Доно халқимизда “Ободлик кўнгилдан бошланади”, деган нақл бор. Бу хислат асрлар оша яшаб, юртдошларимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Чунки поклик, озодалик, тозалик бор жойда файз-барака, ишда унум, аҳоли кайфиятида кўтаринкилик бўлади.
Ободлик эса шубҳасиз, хонадондан, ўзингиз яшайдиган кўчадан ва маҳалладан бошланади. Давлатимиз Раҳбари ҳам ушбу масалага доимий эътибор қаратаётгани бежиз эмас, албатта.
Сўнгги йилларда республикамизда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари, “Обод хонадон – обод кўча обод маҳалла” мезонлари, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳаётимизга кенг татбиқ этилиб, келинмоқда. Айни пайтда, вилоятимиздаги энг оғир аҳволдаги 58 та ва ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир бўлган 13 та маҳаллада инфратузилмани яхшилаш, “Обод хонадон – обод кўча обод маҳалла” мезонларини жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Дарҳақиқат, заминида жонажон Ватанимизнинг ривожига салмоқли ҳисса қўшган давлат арбоблари, олиму-фузалолар, таниқли ёзувчи ва шоирлар етишиб чиққан воҳамизнинг меҳнатсевар аҳолиси йиллар мобайнида дашту-чўлларни боғу-бўстонга айлантиришда бутун мамлакатимизга намуна бўлиб келган. Бу эса ҳар биримиз учун ҳам шараф, ҳам масъулият юклайди.
Шу нуқтаи-назардан, вилоятимизнинг ҳар бир гўшасини, маҳалласини бунёдкорлик ва ободлик масканига айлантиришда нафақат масъул раҳбарлар, балки барча жиззахликлар бир ёқадан бош чиқариб фидойилик ва фаоллик кўрсатиши инсоний бурчимиздир.
Муҳтарам кўпни кўрган отахон ва онахонлар!
Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган гап бежиз айтилмаган. Чинакам инсоний туйғулар, аввало, оила бағрида шаклланади. Фарзандларимиз қалбида ободликка меҳр уйғотишда, туғилиб ўсган Ватанимига садоқат руҳида тарбиялашда оиланинг ўрни ва таъсири беқиёс эканлигини ҳар биримиз яхши тушунамиз.
Ота ва бобоси билан бирга дарахт эккан, уни парвариш қилишда иштирок этган, хонадони, томорқаси, ҳовлиси тозалигини кўрган ва уни таъминлаган боланинг онгу тафаккури ўзгача бўлади. Ўзи обод қилган уйини, эккан ниҳолининг униб-ўсаётганини кўрган боланинг қалбидаги орзу-мақсадлари ҳам юксак бўлади. Шунинг учун фарзандларимиз қалбида ободлик, поклик, меҳнат тарбиясини болаликдан шакллантирайлик!
Ўз маҳалладошларимизга обод хонадон, обод кўча, томорқа маданияти қандай бўлиши кераклиги ҳақида имкон қадар кўпроқ ва кенгроқ маълумот берайлик! Бу йўлда, аввало, ўз хонадонимизни обод қилиш, томорқамиздан унумли фойдаланиш борасида олиб бораётган амалий ишларимиз, ибратли ташаббусларимиз билан шахсий намуна кўрсатайлик!
Ҳар бир оилада хонадонни обод ҳамда кўркам қилиш бўйича амалга ошириладиган тадбирларни, шу жумладан, ёрдамчи хўжалик биноларини қуриш, таъмирлаш, оқлаш, уларни сақлаш қоидаларини, томорқа маданиятини юксалтириш каби эзгу ишларни кенг тарғиб этайлик!
Азалий қадриятларимиз — қизларимиз, келинларимизнинг эрта саҳар туриб ҳовлиларга сув сепиши, кўча эшиклари олдини супуриши каби фазилатларни жонлантириб, оммалаштирайлик! Маҳалламиз аҳолисининг тозаликка, ободликка бўлган эътиборларини кучайтирайлик!
Қадрли маҳалла фаоллари!
Маҳаллаларимиз қиёфаси фаолиятимиз натижасини кўрсатадиган омиллардан бири эканини унутманг! Шу боис бу йўналишдаги фаолиятимизни қайта кўриб чиқиб, ҳудудни обод қилиш, зиёратгоҳ ва қабристонларни ободонлаштириш каби савобли ишлар ҳамиша эътиборимиз марказида туриши зарур.
Бу ҳақда сўз кетганда, вилоятимизда мавжуд 309 та маҳаллани обод масканга айлантириш, 7 765 та кўчада “Обод кўча” ҳамда 272 минг 910 та хонадон ва 361 минг 640 та оилада “Обод хонадон” мезонларини жорий этиш бош мақсадимизга айланиши лозим.
Бундан ташқари, томорқаси бор 176 минг 147 та хонадондаги ер майдонларига ҳосилдор экинларни экиш ва уларни парваришлаш орқали қўшимча даромад манбаини яратиш, ердан самарасиз фойдаланаётган оилаларда эса тушунтириш ишларини олиб боришимиз керак.
Албатта, бу ишларни амалга ошириш ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун “маҳалла еттилиги”нинг ҳар битта аъзоси, уйбоши ва кўчабошилар, жамоатчилик тузилмалари аъзолари фаол бўлиши, одамларни уйғотиши лозим.
Маҳалла фаоли сифатида Сиз аҳолига муносиб яшаш шароитларини яратишда ўз қобилиятингиз, истеъдодингизни ишга солиб, изланишдан тўхтаманг. Ҳудудларга масъул шахс сифатида ҳар бир оила, ҳар бир инсон тақдири учун, маҳаллалар ободлиги, фаровонлиги йўлида масъулиятни зиммангизга олишингиз зарур.
“Уйинг обод бўлса, кўчанг обод бўлади, маҳалланг обод бўлса, қалбинг обод бўлади”, деган ҳаётий шиор ҳар бир маҳалла фаолининг, ўз ҳаётини маҳалла билан боғлаган ҳар бир инсоннинг кундалик фаолиятида дастуриламалга айланиши лозим!
Азиз ёшлар!
Сизлар Янги Ўзбекистоннинг бунёдкор кучисиз! Халқимиз кўзлаётган юксак марраларга эришишда ақл-заковатингиз, ғайрат-шижоатингиз, она Ватанга бўлган садоқатингиз беқиёсдир. Маҳаллалар ободлигини таъминлашда ҳам Сизларга суянамиз ва таянамиз!
Она заминимизга меҳр беринг! Ҳар бир хонадон, ҳар бир кўча, ҳар бир маҳаллани обод қилишда ташаббускор бўлинг, тенгдошларингизни бунёдкорликка чорланг. Бугундан бошлаб, ўз хонадонингизни обод қилинг, томорқангизнинг ҳар қаричидан унумли фойдаланинг, ниҳолингизни экинг, ҳудудда “Ёшлар боғи”ни ташкил этишда ташаббус кўрсатинг!
Асло унутманг, Сиз Ўзбекистон фарзандисиз, Сизнинг ҳиссангиз оилангиз, маҳаллангиз ва бутун халқимизнинг фаровонлиги учун хизмат қилади.
Ҳурматли дўстлар!
Ота-боболаримиздан мерос бўлиб қолган дарахт экиш, боғу-гулзорлар яратиш борасидаги гўзал одатларимиз бугун янги маъно-мазмун билан бойиб, кенг миқёсда давом этмоқда. Ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан юртимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига асос солинди.
Мазкур умумхалқ ҳаракатида ҳар биримиз бугунги ва келажак авлодлар олдидаги масъулият ва жавобгарлигимизни чуқур ҳис қилиб, “Яшил макон” лойиҳаси атрофида янада жипс бўлиб бирлашайлик! Хонадонларимиз, томорқалар, маҳаллаларимиз, кўп қаватли уйлар атрофига кўчат қадаб, уларни парваришлаб, боғ-роғларни кўпайтирайлик! Бу борада шахсий намуна кўрсатайлик, ташаббускор бўлайлик!
Ота-боболаримиздан мерос анъана — оилада янги фарзанд дунёга келганида унга атаб, албатта, дарахт экиш удумини қайта тиклаб, ҳаётимиз қоидасига айлантирсак, айни муддао бўлади. Никоҳдан ўтаётган ёшларимиз мана шундай бахтли онлардан эсдалик сифатида, яхши ният билан ерга ниҳол эксалар, анъаналаримиз яна бир гўзал одат билан бойиган бўлар эди.
Пиру бадавлат отахон-онахонлар, фахрийлар, зиёлилар ва азму- шижоатли ёшларимиз биргаликда маҳаллаларда кўчат экишни, яшил боғларни ташкиллаштирайлик! Халқимиз айтганидек, ҳар биримиздан яхши боғ қолсин!
Қадрли ватандошлар!
Унутмаслигимиз лозимки, ободлик бор жойда қут-барака, доимий ривожланиш ва келажакка ишонч бўлади. Айниқса, маҳаллангиз ораста бўлса, қалбингиз қувончга тўлиб, меҳнатга ҳам шундай кайфият билан киришасиз.
Шундай экан, қуйидаги устувор вазифалар фаолиятимизнинг асосий мезони бўлмоғи керак:
Биринчидан, юрт ободлиги, оилалар ва маҳалламиз фаровонлиги йўлида бирлашайлик! Ҳар биримиз ўз уйимизда “Обод хонадон” мезонларини жорий этайлик, қўни-қўшнилар, маҳалладошлар ва ёшларни жалб этган ҳолда, эҳтиёжманд оилаларнинг таъмирталаб хонадонларида ҳашарлар ташкил этайлик.
Иккинчидан, ҳар бир хонадон, кўча ва маҳаллалар ободлиги йўлида масъулиятни зиммамизга олиб, одамларни бир мақсад сари ҳаракатга келтирайлик! Бу жараёнда “маҳалла еттилиги” аъзоларига бириктирилган кўчаларда — 100 тупдан, кўчабошилар ва уйбошилар ўз ҳудудида
— 20 тупдан, ҳар бир маҳалла боғида — 500 тупдан, жами 309 та маҳаллада 940 минг тупга яқин, вилоят бўйича эса жами 10 миллионга яқин мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экишимиз зарур.
Учинчидан, ҳар биримиз ижтимоий масъулият, меҳнат тарбияси, дахлдорлик туйғуларини кучайтирайлик! Фарзандларимизга болаликдан поклик тарбиясини ўргатайлик! Бу ўринда, энг аввало, уларга ўзимиз намуна бўлиб, уйимиз ва ёрдамчи хўжалик биноларини таъмирлайлик ва оқлайлик, томорқамизга ҳосилдор экинларни экайлик! Зотан, уйда олинган тарбия, ота-онанинг ибрати фарзандларимиз келажагида, уларнинг маънавияти ва маърифатини юксалтиришда муҳим ўрин тутади.
Тўртинчидан, эрта саҳардан кўча эшиклари олдини супуриш, ҳашарлар уюштиришни одат тусига айлантирайлик! Фарзанд туғилганда унга атаб ниҳол эксак, никоҳдан олдин ёшларимиз яхши ният билан ерга кўчат қадаса, маҳаллаларимиз қисқа фурсатда яшилликка бурканади.
Бешинчидан, яшариш ҳамда янгиланиш, қут-барака, ободлик ва фаровонлик рамзи бўлмиш миллий байрамимиз — Наврўзи оламга тайёргарликни бугундан бошлайлик! Маҳаллаларда, шаҳар ҳамда қишлоқларда ҳашарлар, ободлик тадбирларини ўтказайлик.
Олтинчидан, азалий қадриятимиз бўлган ҳашарларни ташкил этиш анъанага айлансин! Айниқса, вилоятда мавжуд 9 088 та боқувчисини йўқотган оила, 532 нафар ёлғиз кексалар, 41 272 та кам таъминланган оилалар хонадонларида ҳашарлар уюштирайлик! Ногиронлиги бўлган 37 минг 985 нафар шахслар доимий эътиборимиз марказида бўлсин.
Еттинчидан, дарахт экиш ва уни парваришлашни мажбурият эмас, қадрият сифатида қабул қилайлик!
Ҳурматли Президентимизнинг “Қайси маҳаллада иш тўғри ташкил этилиб, фуқаролар билан яқин ҳамкорлик ўрнатилса, ўша ерда ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳити ҳукм суради, нохуш ҳолатларга йўл қўйилмайди”, деган сўзлари фаолиятимизда дастуриламал бўлиши лозим.
Саъй-ҳаракатларимиз хайрли ва савобли ишларимизнинг бардавомлигига, ёшларимизнинг маънавияти ва тарбияси янада юксак бўлишига, миллий қадриятларимиз ривожига, халқимиз орасида ҳамжиҳатлик туйғулари мустаҳкамланишига пойдевор бўлиб хизмат қилсин!
