“Ўғирлик жинояти тушунчаси,унинг салбий оқибатлари”
2025-02-02 09:00:00 / Янгиликлар

Ўғрилик иқтисодиёт соҳасидаги энг кенг тарқалган жиноятлардан биридир. Талон-торож қилишнинг барча шакллари ичида ўғрилик жинояти содир этилиш усули жиҳатидан энг хавфи камроғи деб топилиши мумкин, унда жисмоний ёки руҳий таъсир этиш қўлланилмайди, айбдор уни содир этишда ўзидаги ваколатлардан ва мол-мулкни эгаллашда алдашдан фойдаланмайди. Айбдор ҳуқуққа хилоф ва яширин равишда, яъни бошқа шахслардан яширин ҳолда мулкдорнинг хоҳиш-иродасига қарши ўзганинг мулкини ўзлаштиради ва уни ўзининг мулки сифатида тасарруф эта бошлайди. Бироқ ўғрилик, статистика кўрсатишича, ўзганинг мулкини талон-торож қилишнинг энг кенг тарқалган усулидир бу унинг ижтимоий хавфлилигини оширади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Ўзгалар мулкини ўғрилик, талончилик ва босқинчилик билан талон-торож қилиш жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 1999 йил 30 апрелдаги 6-сонли қарорида ўғриликка қуйидагича тариф берилган: “Жабрланувчининг ёки бошқаларнинг йўқлигида ёки улар бор бўлсада, уларга билдирмасдан ўзганинг мол-мулкини яширин талон-торож қилиш ўғрилик ҳисобланади. Бордию жабрланувчи ёки бошқалар мол-мулкининг олинаётганлигини кўрган бўлсада, лекин айбдор билдирмасдан ҳаракат қиляпман деб ўйлаган бўлса, бундай қилмишни ҳам ўғрилик деб тавсифлаш лозим”-деб кўрсатиб ўтилган.
Ўғрилик жиноятининг объекти ўзганинг мулкидир. Объектив томондан ўғирлик ўзганинг мулкини яширин равишда талон-тарож қилишда ифодаланади.
Жиноятчи ўзгалар мулкини ўғрилик билан эгаллаган ва ундан ўз хоҳишича фойдаланиш ёки уни ишлатиш имкониятига эга бўлган вақтдан бошлаб, ўғрилик жинояти тугалланган ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-модда. Ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш —
базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўғрилик:
а) жабрланувчининг кийими, сумкаси ёки бошқа қўл юкидаги ашёга нисбатан (киссавурлик);
б) анча миқдорда;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
г) уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб;
д) умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд электр энергиясини, табиий газни, совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёхуд ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш йўли билан;
е) умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига электр энергияси, газ ёки сув таъминоти ташкилотларининг мансабдор шахслари ёки ходимлари томонидан олдиндан тил бириктириб, тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд электр энергиясини, табиий газни, совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёхуд ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш йўли билан содир этилган бўлса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўғрилик:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) ахборот тизимига кириб ёки ундан фойдаланиб;
в) кўп миқдорда;
г) нефть қувурларида, газ қувурларида, нефть ва газ маҳсулотлари қувурларида содир этилган бўлса, —
беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўғрилик:
а) жуда кўп миқдорда;
б) ўта хавфли рецидивист томонидан;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —
саккиз йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Жумладан Исломов Озоджон Жамол ўғли 2024 йилнинг 28 июлига ўтар кечаси соат 00-30 ларда таниши Донабоева Нодира Сайидмуродовнага қўнғироқ қилиб, қарз сифатида берган 10.000.000 сўм пулини қайтаришни сўраганида Н.Донабоева “қаёққа борсанг бор, лекин пулларингни бермайман”-деб телефонни ўчирганидан ғазабланиб, ундан қарзини қандай бўлмасин қайтариб олишни режа қилиб, Н.Донабоеванинг Шароф Рашидов тумани, Янги-диёр маҳалласи, Икки дўст кўчасидаги яшаш хонадонига бориб, ҳовлиси орқали у ётган хонага ғайриқонуний равишда кириб, ундан қарзини қайтариб беришини талаб қилиб, Н.Донабоева пулини қайтариб бера олмаслигини билгач, уни қасддан ўлдириш мақсадида Н.Донабоеванинг устига ёпиниб ётган кўрпанинг икки томонидан маҳкам ушлаб, кўрпача билан Н.Донабоеванинг бўйин соҳасидан бўғиб, бутунлай қимирламай қолгунича ушлаб туриб, қасддан ўлдириб, ўзининг жиноий ҳаракатини давом эттириб, Н.Донабоеванинг ўлганига тўла ишонч ҳосил қилиб, ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, Н.Донабоевага тегишли бўлган қиймати 2.100.000 сўмлик “Redmi Note 13” русумли телефон аппаратини ўғрилаб, телефон олди-сотдиси билан шуғулланувчи С.Турсуновга 1.000.000 сўмга ўғирлик эканлигини айтмасдан сотиб юбориб, сотишдан тушган пулларни ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Суд мажлисида судланувчи Исломов Озоджон Жамол ўғли суд мажлисида 2024 йилнинг май ойларида таниши Нодира қўнғироқ қилиб, уйини қайта таъмирлаётганлигини, усталарга пул кераклигини айтиб қарзга 10.000.000 сўм пул сўраганлиги, 2024 йил 2 июнь куни Нодира билан Ором бозорининг орқа томонида кўришиб, унга 10.000.000 сўм қарзга пул берганлиги, орадан 10 кун ўтгач унга телефон қилганида унинг телефони ишламаганлиги, яна қўнғироқ қилганида телефони ишлаганлиги, лекин жавоб бермаганлиги, 2024 йил 27 июль куни Нодирага телефон қилганида яна унинг телефони ишламаганлиги, шу куни соат 22-10 ларда овқатни ҳазм қилиш учун кўчага чиққанлиги, қўшниси Жамол ака пиво ичгиси келаётганлигини айтгани учун у билан бирга Маъруф аканинг чойхонасига борганлиги, Жамол ака бир дона пивони олиб ичганлиги, чойхонада соат 23:00 га қадар ўтириб уйига қайтганлигини, Нодирадан бари бир пулни олишни режа қилиб, соат 23:13 да такси чақириб таксига миниб, Микрорайон кругига бориб, таксидан тушиб, магазинга кирганлиги, у ерда семечка олиб, чақиб ўтириб, Нодирага бир неча маротаба телефон қилганлиги, охири телефонга жавоб берганлигини, у “пулим йўқ ҳозир, нима қилсанг қил” деганлигини, кейин жаҳли чиқиб йўлда машина тўхтатиб Нодиранниг уйига келганлиги уйнинг эшик деразалари очиқлигини кўриб, Нодирани чақирганлиги, лекин ҳеч ким овоз бермагани учун уйга кирганлигини, ўнг томондаги биринчи хонанинг эшиклари очиқ ва чироқлари ёниқлигини Нодира телефон ўйнаб ётганлигини, хонага кириб, унинг олдига бориб ўтирганлигини, кейин унга “пулни қачон берасан, бермасанг бўлмайди, берадиган жойларим бор”-деганлигини, у ўрнидан турмасдан яна “пулим йўқ, нима қилсанг қилавер”-деганлиги, кейин ҳазиллашиб, Нодиранинг устига кўрпани ёпиб “бўғиб ўлдирайми пулни бермасанг” деб айтганидан сўнг у чини билан бақир-чақир қилиб, “бўғма” деб шантаж қилиб бақириб кетганлигини, қўрқиб кетганидан унинг ён томонидан ўтиб, бўйин қисмида ёпилган ҳолатда турган кўрпанинг иккала четини ушлаб, унинг бўйин қисмининг орқа томонига қараб, томоқ қисми бўйлаб кўрпани қаттиқ пастга босиб ҳақиқатан ҳам бўға бошлаганлигини, у типирчилаганлигини, лекин қаршилик кўрсата олмаганлигини, бироз ушлаб туриб, кейин қўйиб юбориб, хонтахта устида турган Нодиранинг “Redmi Note 13” русумли телефон аппаратини олиб, кўчага югуриб чиқиб кетганлигини, такси чақириб, Микрорайон кругига келиб, у ерда бироз айланганлигини ва яна такси чақириб, уйига кетганлигини, 2024 йил 28 июль куни соат 10:00 ларда Станция бозорига бориб, “Зебо” савдо мажмуасида Нодиранинг уйидан олиб чиққан “Redmi Note 13” русумли телефон аппаратини нотаниш бўлган бир сотувчига 1.000.000 сўм эвазига сотиб юборганлигини, кечаси соат 02:00 ларда туман ИИБ ходимлари келиб олиб кетишганлигини, айбига тўлиқ иқрорлигини, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, қонун доирасида енгиллик беришни сўраган.
Судининг ҳукмига кўра, О.Исломовга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми ва 169-моддаси 2-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан 10 (ўн) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “г” банди билан 3 (уч) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, О.Исломовга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 11 (ўн бир) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов туман судининг раиси З.Худайбердиев
