Жиззах шаҳрида 9 қаватли янги уй қурилиши тугалланди
2025-02-01 10:00:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда уй-жой соҳасидаги ислоҳотларни самарали ташкил этиш, «Янги Ўзбекистон» массивлари ва замонавий кўп квартирали уйлар қуриш кўламини кенгайтириш, ипотека кредити бозорини янада ривожлантириш ҳамда банклар томонидан ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган кредитларни қайта молиялаштириш механизмларини амалиётга кенг жорий қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 апрелдаги «2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларни такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилинган эди.
Унга кўра, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Марказий банк, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмасининг бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури доирасида ҳудудларда замонавий архитектура кўринишига эга 100 мингта квартирадан иборат бўлган кўп қаватли уй-жойлар қуриш, қурилиш жараёнларига «Яшил» уй-жой стандартларини жорий қилиш, камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга якка тартибдаги уй-жой қуриш, реконструкция ва таъмирлаш учун 120 миллион сўмгача ипотека кредитлари ажратилмоқда
Мазкур фармонга асосан вилоятимизда 118 та 4500 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар, шундан, «Янги Ўзбекистон» массивларида 29 та 1456 хонадонли ва бошқа уй-жойга талаб юқори бўлган массивларда 89 та 3044 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қурилиши белгиланган бўлиб, ўтган йили 51 та 2009 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Эски шаҳардан Олмазор сити ёки Учтепа томон йўлингиз тушса, узоқдан ўнг тарафдаги оқ, яшил ранг уйғунлашган қўп қаватли иншоот беихтиёр эътиборингизни тортади. «Иштихон Буилдинг» МЧЖ қурувчилари томонидан Шароф Рашидов туманининг «Қаҳрамон» МФЙ ҳудудида ана шу 9 қаватли, уч ва икки хонали 117 хонадонга мўлжалланган уй қуриб битказилди. Жамият қурувчилари томонидан шу уйга туташ жойда яна иккита 9 қаватли 72 хонадонга мўлжалланган уй кўтарилиб, усти ёпилди. Айни пайтда жамият бунёдкорлари томонидан қад кўтарган уйнинг ички ва ташқи қисмларини пардозлаш ишлари олиб борилаётир.
