Жиззахда солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар бўйича кўргазмали семинар бўлиб ўтди
2025-01-16 09:00:00 / Янгиликлар

Тадбирда вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорлар, хўжалик юритувчи субъэктлар ҳисобчилари, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Семинарда Жиззах вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Б.Ташпўлатов ва Жиззах вилоят ҳокимининг молия, иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари З. Азимов мамлакатимизда кейинги йилларда солиқ қонунчилигига киритилаётган ўзгартишлар ва қўшимчалар мамлакат тараққиёти ва аҳоли фаровонлиги учун муҳим аҳамият касб этганини таъкидладилар.
Семинарда, Солиқ қўмитасидан келган мутахассислар томонидан 2025 йилнинг 1 январьидан амалга оширилган солиқ кодексининг 30 дан ортиқ моддасига киритилган ўзгартишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Жумладан, солиқ ставкалари, акциз солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, айланмадан олинадиган солиқ, ердан фойдаланганлик учун солиқ, ер ва мол-мулк солиқлари, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларни солиққа тортишдаги ўзгаришлар ҳамда бу ўзгаришларни амалга ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди ва семинарнинг иккинчи ярмида ҳам атрофлича фикрлар алмашилди.




