Жиззахдаги куз-қиш мавсумига тайёргарлик оав нигоҳида
2024-11-29 10:25:00 / Янгиликлар

Вилоятимизда фаолият олиб бораётган ОАВ вакиллари дастлаб "Hududgaz Jizzax" газ таъминоти филиалига ташриф буюришди. Шу ерда филиал раҳбари Бахтиёр Обруев куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида бажарилган ишларга тўхталиб ўтди.
Мавсумга тайёргарлик кўриш доирасида ишлаб чиқилган чора- тадбирларга мувофиқ 14,4 км газ тармоқлари таъмирланиб, вилоят бўйича 28,8 км янги газ тармоқлари қурилган.
30 та газ тақсимлаш пунктлари мукаммал таъмирланиб, 4414 таси техник тафтишдан ўтказилди. 242,5 км ер ости газ қувурлари ҳолатини текширилиб, 221 км қисми тартибга келтирилди.
2024 йилда 75,3 мингта хонадонга 35,6 минта газ босим ростлагичлар (регулятор) ўрнатилди. Ҳудудларда 1198 та газ тақсимлаш пункти демонтаж қилинди ҳамда технологик йўқотишлар 359,4 минг куб метрга қисқартирилди.
Юқоридаги тадбирлар тўлиқ бажарилиши натижасида куз-қиш мавсумида 34,2 мингдан ортиқ аҳоли хонадон газ таъминотини яхшилашга эришилди.
Бундан ташқари, Жиззах шаҳри, Ш.Рашидов, Ғаллаорол, Бахмал, Арнасой, Зафаробод, Зомин, Даштабод, Янгиобод, Фориш туманларидаги 26 та маҳаллаларнинг газ таъминотини яхшилаш мақсадида қўшимча равишда 28,8 км газ қувурлари мукаммал таъмирланиб, реконструкция қилинди.
Тунги навбатчиликда 14 та бригадалар махсус автотранспорт ва ҳимоя воситалари билан таъминланди ҳамда 14 та газ пайвандлаш аппаратлари шай ҳолатга келтирилди. Авария-тиклаш хизматлари учун 912 метр турли диаметрдаги газ қувурлари, 23 дона зулфинлар, 46 минг та жўмраклар, 28 та манометрлар ҳамда 165 кг карбид, 48 кг мойлаш материаллари заҳиралари яратилди.
Вилоятдаги мавжуд 5.9 минг км газ тармоқлари мавсумига тўлиқ тайёр ҳамда газни истеъмолчиларга ўз вақтида, етарли босимда ва ҳажмда етказиб бериш бўйича стратегик харакатлар белгилаб олинди. Истеъмоллари учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида, 24/7 иш режимда “Call-марказ” фаолияти йўлга қўйилди.
Бугунги кундаги газга бўлган талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, келгуси куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни табиий ва суюлтирилган газ билан барқарор таъминлаш бўйича ҳар томонлама ва пухта тайёргарлик кўрилган.
Пресс-тур давомида журналистлар "Hududgaz Jizzax" газ таъминоти филиалида ташкил этилган диспетчерлик хизмати фаолияти, Жиззах шаҳрининг Наврўз, Бунёд, Сангзор, Боғишамол маҳаллалардиа олиб борилаётган газ тақсимлаш пунктларини техник кўрикдан ўтказиш, Жиззах шаҳрининг Боғишамол маҳалласи, О.Азимов кўчасидаги газ тақсимлаш пунктини янгисига алмаштириш жараёнларига ўз кўзлари билан гувоҳ бўлишди. Янги газ тақсимлаш пунктинининг ўрнатилиши ва тизимга уланиши натижасида 300 та хонадон тўлиқ зангори оловдан баҳраманд бўлди.
Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида вилоят, шаҳар ва туманлар штаблари ташкил қилинган. Ҳозирги кунда штаб 24 соат иш режимида ишламоқда. ОАВ вакилларининг навбатдаги манзили вилоятда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини 2024-2025 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларини мувофиқлаштириш бўйича вилоят штаби жойлашган вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалик бош бошқармаси биноси бўлди.
Бу ерда ОАВ вакилларининг қизиқтирган саволларига вилоят қурилиш ва коммунал хўжалик бош бошқармаси ўринбосари Мирзасултон Бобобеков жавоб берди. Жорий йилнинг сентябрь ойидан 24 та вилоят корхона ва ташкилотларининг мутахассисларидан таркиб топган штаб куну тун аҳоли мурожаатлари билан ишлаяпти. Ҳар бир фуқароларнинг элеткр, табиий газ, ичимлик ва оқава сув, иситиш тизимларига доир мурожаатлари қабул қилиниб, ҳудудлар кесимида чоралар кўриш учун йўналтирилмоқда.
Бу йилги янгиликлардан бири барча шаҳар ва туманларда ташкил этилган штаблар билан вилоят штаби ўртасида онлайн алоқа ўрнатилганлиги бўлди. Бу эса тегишли масала ва муаммоларни тезкорлик ва ҳолислик билан ҳал этиш имкониятини яратди.
Пресс-тур иштирокчилари Жиззах шаҳридаги Иттифоқ маҳалласида янгидан барпо этилган қозонхона фаолияти билан танишдилар. Янги қурилган РК-8-сонли қозонхонада 6 та КВА-1500 русумли қозонлар ўрнатилган бўлиб, замонавий, тежамкор технологиялар боис эндиликда табиий газ сарфи соатига 280 м3 ни ташкил этмоқда.
Яъни соатига 820 метр куб табиий газ иқтисод қилинмоқда. Мавжуд РК-1 сонли қозонхонада илгари насослар соатига 250 кВт электр энергиясини сарфлаган бўлса, янги қозонхонага ўрнатилган насослар соатига 22 кВт электр энергиясини сарфламоқда.
Бу соатига 222 кВт энергия тежалмоқда деганидир. Иссиқлик таъминотида илғор, тежамкор саналган Италия, Россиядан келтирилган технология сабаб бир ойда 1,1 млн. метр куб табиий газ ҳам тежаб қолинади. Қозонхонага 4 та 1,5 МВт ва 2 та 3 МВт, жами 12 МВтлик қозонлар ҳамда фойдали иш коэффиценти юқори бўлган замонавий энергия тежовчи горелкалар ўрнатилган. Эскирган тармоқ Россия Федерациясидан келтирилган 5,1 км. замонавий иссиқлик изоляцияси юқори бўлган қувурларга алмаштирилди.
Шунингдек, пресс-тур давомида журналистлар “Jizzaxshahargaz” газ таъминоти бўлимининг ўқув-амалиёт маркази фаолиятида яратилган шароитлар билан ҳам танишдилар.






