Жанубий Кореялик инвесторлар Жиззахда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида ҳамкорлик қилмоқчи
2026-01-20 17:30:00 / Янгиликлар

Учрашув давомида вилоят раҳбари ҳудудда инвесторлар учун яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, солиқ ва божхона имтиёзлари, инфратузилмавий имкониятлар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, Жиззах вилоятида Жанубий Корея Республикасининг қатор йирик ишлаб чиқариш корхоналари, жумладан автомобилсозлик ва бошқа саноат тармоқларидаги қўшма корхоналар самарали фаолият юритаётгани таъкидланди. Инвесторлар билан ишлашда очиқлик, шаффофлик ва тезкорлик тамойиллари изчил амалга оширилаётгани қайд этилди.
Кореялик меҳмонлар томонидан “Яшил Макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида тупроқни қайта тиклаш ва унинг унумдорлигини оширишга қаратилган қўшма корхона ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Лойиҳа доирасида шўрлашишга қарши курашиш билан тупроқ унумдорлигини ошириш, деградацияга учраган ер майдонларини қайта тиклаш ҳамда шаҳар ва қишлоқ ҳудудларида яшил майдонларни кенгайтириш кўзда тутилган.
Маълумотларга кўра, мазкур ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш учун тахминан 5 миллиард вон миқдорида инвестиция киритилиши режалаштирилмоқда. Лойиҳа 3 йиллик босқичларда амалга оширилиб, маҳаллий ресурслар билан Кореянинг илғор технологиялари уйғунлаштирилади. Бу эса фермер хўжаликлари даромадини ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш ҳамда миллий озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Учрашувда таълим соҳасида ҳам ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Делегация таркибида иштирок этган Корея Аэрокосмик университети ва Авиация бизнеси мактаби профессори Шавкат Сайдахмедов замонавий таълим технологияларини маҳаллий тизимга жорий этиш, мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш бўйича таклифлар билдирди.
Музокаралар якунида вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев билдирилган ташаббуслар Жиззах вилояти иқтисодиётини янада ривожлантириш, инвестицион жозибадорликни ошириш ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Шунингдек, таклифларни амалга ошириш бўйича тегишли мутасадди ташкилотларга аниқ вазифалар белгиланди.






