Жиззахда жазони ижро этиш муассасасида ёшлар билан учрашишдан кўзланган мақсад нима эди
2026-01-19 11:00:00 / Янгиликлар

Ана шундай муҳим ташаббуслар доирасида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Жиззах вилояти Кенгаши ҳамда вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси IIV ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментининг 3-минтақавий мувофиқлаштириш марказига қарашли 29-сонли манзилли колонияда учрашув ташкил этилди.
Тадбирда мутасадди ташкилотлар вакиллари, соҳа масъуллари ҳамда муассасада сақланаётган ёшлар иштирок этди. Учрашув давомида ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқот ўтказилиб, уларнинг ҳаётга бўлган қарашларини ижобий томонга йўналтириш, соғлом турмуш тарзига қайтиш, зарарли одатлардан воз кечиш, касб-ҳунар эгаллаш ҳамда келгусида муносиб ҳаёт кечириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, тадбирда ёшларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш имкониятлари ҳамда давлат томонидан яратилаётган имтиёз ва қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Мутасаддилар томонидан ёшларга аниқ ҳаётий мақсадларни белгилаш, билим ва кўникмаларни ошириш орқали жамиятда ўз ўрнини топишга доир тавсиялар билдирилди.
Учрашув якунида иштирокчилар бундай мулоқотлар ёшларнинг ижтимоий мослашувини тезлаштириш, уларни тўғри йўлга йўналтириш, ҳаётга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ҳамда жамиятда фаол фуқаролик позициясини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
Мазкур йўналишдаги тадбирлар вилоятда мунтазам равишда ўтказилиб, ёшлар билан манзилли ишлаш тизимини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.
