Вазирлик ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (кейинги ўринларда – Вазирлик) ички ишлар органлари тизими фаолиятига умумий раҳбарлик қиладиган ва мувофиқлаштирадиган республика давлат бошқарув органи ҳисобланади.
Вазирлик бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига, қонунда кўзда тутилган айрим масалалар бўйича эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ўз мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси таркибига киради.
Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг буйруқлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.
Вазирлик ўз фаолиятини бевосита ҳамда ички ишлар органлари орқали, шу жумладан давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқаролар, шунингдек оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда амалга оширади.
Вазирликнинг фаолияти очиқ ва ошкора ҳисобланади, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Вазирлик давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва аҳолини мамлакатдаги криминоген вазият, ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳолати, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек Вазирлик ва ички ишлар органлари зиммасига юклатилган бошқа вазифаларнинг амалга оширилиши тўғрисида тизимли равишда хабардор қилиб боради.
Вазирлик юридик шахс ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўзининг номи ёзилган муҳрга эга бўлади, шунингдек Вазирлик фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини акс эттирадиган ва белгиланган тартибда тасдиқланадиган ўз рамзига эга бўлиши мумкин.