Фуқаролик ёки яшаш учун гувоҳномани олиш учун ариза бериш тартиби маълумоти
Ўзбекистон Республикасида фуқаролик масалалари Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 13 мартдаги ЎРҚ–610-сон «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишнинг умумий тартиби чет давлат фуқаросига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга нисбатан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади, агар у:
а) чет давлат фуқаролигидан чиқишни расмийлаштирган бўлса;
б) фуқаролиги бўлмаган шахсга яшаш гувоҳномаси олинган кундан эътиборан ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат қилган кунга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида узлуксиз беш йил давомида доимий яшаб келаётган бўлса;
в) тирикчиликнинг қонуний манбаига эга бўлса;
г) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олса;
д) давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билса.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш, уни тиклаш тўғрисидаги илтимоснома Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ариза берувчи томонидан шахсан берилади.
Илтимосномага қуйидагилар илова қилинади:
сўровнома;
паспорт ёки идентификацияловчи карта (яшаш гувоҳномаси);
никоҳ тузилганлиги ёки никоҳ бекор қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;
бола илтимосномада кўрсатилган тақдирда, унинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси ва агар мавжуд бўлса яшаш гувоҳномаси;
тирикчиликнинг қонуний манбалари мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига соддалаштирилган тартибда қабул қилиш тўғрисидаги илтимосномага санаб ўтилган ҳужжатлардан ташқари қуйидагилар илова қилинади:
ариза берувчининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаётган ва Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлган, насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган ўзидан олдинги қариндошининг паспорти ёки идентификацияловчи картаси ёхуд манфаатдор вазирликнинг ёки идоранинг илтимосномаси;
судланганлик ҳолати йўқлигини ёки мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига алоҳида тартибда қабул қилиш тўғрисидаги илтимосномага паспорт ёки идентификацияловчи карта (яшаш гувоҳномаси) илова қилинади.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалаларига оид материалларни кўриб чиқишнинг умумий муддати талабнома Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалаларига оид идоралараро маълумотлар базасига киритилган санадан эътиборан бир йилдан ошмаслиги керак.
