audio

    0+
    Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармасининг янги маъмурий биноси очилиш маросимида иштирок этди

    Сўнги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби, ички ишлар органларига ҳам жуда катта эътибор қаратилиб, соҳани чинакам халқчил ва профессионал тузилмага айлантириш борасида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилмоқда.

    Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бугун соҳага инновацион технологияларни жорий этиш, янги маъмурий биноларнинг қуриш, ходимлар учун яхши меҳнат муҳитини яратиш орқали хизмат сифатини оширишга қаратилган кенг кўламли вазифалар бажарилмоқда.

    Айни мақсадда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси учун Нурафшон шаҳрида янги замонавий маъмурий бино қурилиб фойдаланишга топширилди.

    Масканнинг тантанали очилиш маросимида Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов, Тошкент вилояти ҳокими, Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ҳамда ҳамкор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг раҳбарлари, нуронийлар, соҳа фахрийлари, маҳалла фаоллари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

    Тадбирни Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов очиб, айни кунда соҳада олиб борилаётган улкан ислоҳотлар, муҳтарам юртбошимиз ташаббуслари билан тизимни чинакам халқчил тузилмага айлантириш борасида қўйилаётган дадил қадамлар ҳақида сўз юритиб, ушбу ҳуқуқ ва хавфсизлик маскани келгусида Тошкент вилоятида криминоген вазиятни тўлиқ назорат қилишда, халқимизга сидқи-дилдан хизмат қилишда муҳим восита эканини таъкидлади.

    Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ва Ички ишлар вазири маслаҳатчиси генерал-полковник Зокиржон Алматовлар ҳам кейинги йилларда халқимиз фаровонлигини юксалтириш, айнан ички ишлар органлари ходимлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш борасидаги ишларга тўхталдилар.

    Маросим давомида мазкур бинони барпо этилишида жонбозлик кўрсатган қурувчи усталар, фидоий ходимларга эсдалик совғалари топширилди. Меҳмонлар бинода яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

    Шундан сўнг масъуллар экологик мувозанатни сақлаш, келажак авлод учун яшилликни таъминлаш мақсадида, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш маросимида иштирок этдилар. Эътиборли жиҳати Ички ишлар ходимларининг шахсий ташаббуси билан шу куни бошқарма ҳудуди ва атрофга мингдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари экилиб, атроф тозалигига эътибор қаратилди.

    Халқимизда «Кўчат эк, боғ ярат» деган нақл бор. Чунки экилган кўчатлар униб-ўсиб чиройли манзара ҳосил қилса, кишининг дилини яйратиб, кўзларни қувонтиради, ҳам ҳавонинг софлигини таъминлайди.

    Мухтасар айтганда, замонавий ва барча шароитларга эга мазкур бино, яратилган боғ ҳамда дарахтлар узоқ йиллар халқимизга хизмат қилиши шубҳасиз.

    • view_icon 253
    : 2024-04-21 07:42:46