Жорий йилнинг 15 октябрь куни Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов ҳамда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси жаноб Вон До Ён ўртасида эҳтиром учрашуви бўлиб ўтди
2025-10-15 12:00:00 / Янгиликлар

Тадбирда Давлатимиз раҳбарининг “Жанубий Корея Ўзбекистоннинг ишончли ва устувор шериги” – деб эътироф этганлиги икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари олий даражадаги ишонч ва дўстликка асосланганлигини намунаси эканлиги таъкидланди.
Икки мамлакат ўртасида сиёсий мулоқот, маданий-гуманитар алмашув жараёнлари, савдо-иқтисодий ва инвестициявий фаолият соҳаларини ривожлантириш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти борасида кўплаб битимлар, аниқ ва манзилли лойиҳалар амалга оширилаётганлиги урғуланди.
Мулоқот давомида икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда кадрлар малакасини ошириш каби ҳамкорликка оид масалалар муҳокама қилинди.
Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашув якунида томонлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш борасида истиқболли вазифалар белгилаб олинди.



