Ички ишлар вазири Азиз Ташпулатов Ўзбекистон Аралаш жанг санъатлари (ММА) ассоциацияси раиси этиб сайланди
2025-10-08 13:45:00 / Янгиликлар

Бугун Ички ишлар вазирлигида Ўзбекистон Аралаш жанг санъатлари (ММА) ассоциациясининг навбатдан ташқари сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда Ички ишлар вазири Азиз Ташпулатов, Спорт вазири Адхам Икрамов, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари ҳамда Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов, делегат ва спортчилар, шунингдек ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари иштирок этди.
Конференцияда иккита асосий масала кўриб чиқилди. Дастлаб, Аралаш жанг санъатлари ассоциациясига Ўзбекистон Панкратион ва грепплинг ассоциациясини бирлаштириш маъқулланди. Шундан сўнг Аралаш жанг санъатлари ассоциацияси раҳбарияти сайланиб, делегатлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Азиз Ташпулатовнинг ассоциация раислигига номзоди бир овоздан қўллаб-қувватланди.
Спорт вазири Адхам Икрамов Ички ишлар органларининг мамлакатимизда волейбол спорт турини ривожлантириш ҳамда ҳудудларда янада оммалаштириш борасидаги ҳамжиҳат ҳаракатларини эътироф этган ҳолда бутун юртимизда минглаб ёшларни қизиқтира олган аралаш жанг санъатларини юқори босқичга олиб чиқишда ҳам ўзига хос тажриба мавжудлигини таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг Азиз Ташпулатов Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан спорт соҳасидаги яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда келгусида аралаш жанг санъатларини ривожлантириш борасидаги дастур билан таништириб ўтди.
Эндиликда Ички ишлар органлари раҳбарлари ҳудудлардаги спорт бошқармалари билан биргаликда ушбу спорт турига қизиққан ёшларни аниқлаш ҳамда уларга зарурий шароитларни яратиб беришга масъул бўлади. Бу борада уюшмаган ёшларга алоҳида эътибор қаратилиб, Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги ЖАР спорт соғломлаштириш марказида ҳамда вилоятлардаги спорт мажмуаларида аралаш жанг санъати билан шуғулланувчи ёшлар ва мураббийлар учун зарурий инфратузилма ташкил этилади.
Турли мусобақалар олдидан, шунингдек, муайян вақтда спортчилар ички ишлар органлари тизимидаги тиббиёт муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтказилади. Халқаро федерациялар билан ҳамкорлик борасида музокаралар олиб борилиб, ҳакамлар ва мураббийларнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров ҳам ички ишлар органлари ходимлари орасида бу спорт турига қизиқувчилар, унинг ривожига хайрихоҳ ходимлар ва раҳбарлар кўп эканлигини айтиб, ёшлар учун бу янги имкониятлар эшигини очишига ишонч билдирди.
Конференцияда Аюбхон Рахматуллаев Ассоциация раисининг биринчи ўринбосари, Шухрат Анваров раис ўринбосари, Хожиакбар Хакимов Бош котиб, Муродхон Тўраев ассоциацияси ижрочи директорлигига бир овоздан сайланди.
Тадбирда шунингдек, аралаш жанг санъати мураббийларининг спорт мактаблари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш, ҳудудларда мазкур спорт соҳасига шароитлар яратиш, октагонлар ташкил этиб, ўтказиладиган мусобақаларда мухлислик клублари фаолияти йўлга қўйиш борасида фикрлар билдирилди ва тегишли қарор қабул қилинди.









