1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Анварович Ташпулатовнинг байрам табриги
2025-10-01 08:55:00 / Янгиликлар

Ҳурматли ҳамкасблар!
Ички ишлар органлари таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, соҳа фахрийлари ва устоз-мураббийлар ҳамда уларнинг оила аъзоларини 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этаман.
Устоз деганда, ҳар биримизнинг кўнглимизда чуқур ҳурмат-эҳтиром ва чексиз миннатдорлик туйғулари билан бирга, ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси уйғонади.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида миллий тараққиёт стратегиямиз асосида бошқа соҳалар сингари таълим тизимида ҳам том маънода тарихий янгиланиш амалга оширилиб, устозларга кўрсатилаётган эҳтиром юксак даражага кўтарилди.
Барчамизга маълумки, келажак – замонавий билим билан қуролланган чинакам ватанпарвар авлодникидир. Биз бу ҳақиқатни теран англаган холда ёш авлодни, шарафли касбимиз давомчиларини давр билан ҳамнафас, ҳар қандай қийинчиликка бардош бера оладиган мутахассислар этиб тарбиялашимиз зарур.
Ишонаманки, вазирлигимиз тизимида фаолият кўрсатаётган азиз профессор-ўқитувчиларимиз, қадрли мураббийларимиз, ҳаётий тажриба ва амалий кўникмалар эгаси бўлган устозлар эл-юрт осойишталигига масъул бўлган ёш авлодни тарбиялашдек шарафли ишга муносиб ҳиссаларини қўшадилар.
Ушбу шукуҳли айём муносабати билан барчангизни чин дилдан қутлаб, сизларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, эзгу ва шарафли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Ҳамиша соғу омон бўлинг, азиз ва меҳрибон устозлар!
Азиз Ташпулатов,
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири,
генерал-лейтенант.
