Жиззах вилояти маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш бўйича Ички ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган комплекс инспекторлик текширувининг якунлари сарҳисоб қилинди
2025-08-03 14:00:00 / Янгиликлар

Хусусан, вазирлик ишчи гуруҳи томонидан Жиззах вилоятининг барча туман ва шаҳарлари ички ишлар бўлимларининг фаолияти билан танишилди. Ўрганишлар жараёнида асосий эътибор, жиноятчиликнинг барвақт олдини олишга ҳамда фуқаролар ва ходимлар учун яратилган шароитларни яхшилашга қаратилди.
Бу жараёнда барча йўналишдаги ишлар комплекс ўрганилди, иш натижадорлигини ошириш юзасидан топшириқ ва тавсиялар берилди.
Шунингдек, беш йил давомида криминоген вазияти мураккаб бўлган барча маҳаллалар, шу жумладан “Маданият”, “Улуғбек” ва “Тоқчилик” маҳаллалари ҳамда чегара ҳудудларидаги маҳаллаларга бевосита борилиб, “маҳалла еттилиги” билан суҳбатлашилди, мавжуд муаммоли масалалар ўрганилди ва хавфсизликни таъминлаш учун қўшимча куч-воситалар ажратиш, хизматни тўғри ташкил этиш, камералаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олиниб, масъул раҳбарлар номма-ном бириктирилди.
Бундан ташқари, туристик объектларида хавфсизликни таъминлаш масалалари ўрганилиб, муаммоли ҳудудларга қўшимча куч-воситаларни жалб этиш бўйича чора тадбирлар белгилаб олинди.
Ишчи гуруҳнинг ўрганишларига кўра вилоят ҳудудида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда маҳалла жиноятчилигини жиловлашга қаратилган тадбирлар натижасида, 2025 йилнинг 6 ойида вилоятнинг 213 та маҳалласида биронта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган ҳамда олдини олиш лозим бўлган жиноятларни ҳам камайишига эришилган.
Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳининг Жиззах вилоятидаги комплекс инспекторлик текшируви якунларига бағишланган танқидий йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, вилоят, туман ва шаҳар ички ишлар ҳамда соҳавий хизматлар раҳбарлари ва ўринбосарлари иштирок этишди.
Йиғилишда ички ишлар органлари хизматининг жорий ҳолати, фаолият самарадорлиги, шахсий таркибнинг касбий тайёргарлиги, хизмат интизоми ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар тўлиқ таҳлил қилинди ва аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Тадбир жараёнида хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришган, аҳоли ҳамда сафдошлари томонидан алоҳида эътироф этилган раҳбар ходимлар Ички ишлар вазирининг буйруғи билан муносиб рағбатлантирилди.
Жумладан, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи ўринбосари – пробация бўлими бошлиғи капитан Жасур Алиқуловга муддатидан олдин “майор” махсус унвони берилди.
Шунингдек, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи подполковник Шерзод Қосимов Ички ишлар вазирлигининг “Фахрий ёрлиғи” билан, Зомин тумани ички ишлар бошқармаси 1-сон ички ишлар бўлими профилактика катта инспектори подполковник Алишер Алматов I даражали “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишони билан, Мирзачўл тумани ички ишлар бўлими канцелярия бошлиғи сафдор Фаррух Эргашов Ички ишлар вазирлигининг “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони билан, Ғаллаорол тумани ички ишлар бўлими терговчиси катта лейтенант Достон Абдурасулов Ички ишлар вазирлигининг эсдалик қўл соати билан ҳамда Зарбдор тумани ички ишлар бўлими профилактика катта инспектори катта лейтенант Сарваржон Бўронов пул мукофоти билан тақдирландилар.
Шунингдек, фаолияти давомида жиддий камчиликларга йўл қўйган бир гуруҳ раҳбар ва ходимларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилди.
Жумладан, вилоят ИИБ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғига “Ҳайфсан” интизомий жазоси эълон қилинди, шунингдек, Жиззах шаҳар ва Шароф Рашидов тумани ИИБ бошлиғи ва барча ўринбосарларининг фаолиятига 9 ой якуни бўйича баҳо берилиши белгиланди.
Инспекторлик текшируви натижаларига кўра, вилоят ҳамда туман-шаҳар бўлинмаларига хизматда фойдаланиш учун турли русумдаги 25 дона автотранспорт воситалари тақдим этилди, қўшимча тарзда махсус техник воситалар, компьютер жамланмалари, формали кийим бошлар ажратилиши таъкидланди.
Йиғилиш давомида масъул раҳбарларнинг ахборотлари тингланди, таклифлар кўриб чиқилди ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.









