Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан пойтахтимизда истиқомат қилиб келаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт ва фронт орти фахрийларига Президентимизнинг байрам табриклари етказилди
2025-05-08 21:00:00 / Янгиликлар

“Ватан равнақи, тинчлиги ва ҳимояси йўлидаги қаҳрамонлик унутилмайди”. Айни кунларда "9 май - Хотира ва қадрлаш куни" муносабати билан ўтказилаётган тадбирларда Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари, қатнашчилари кўрсатган жасорат ёш авлодга яна бир бор ўрнак ва намуна бўлиб, бугунги осуда кунларимизга шукроналик ҳиссини уйғотмоқда.
Халқимиз тинчлиги, мамлакатимиз равнақи йўлида жасорат ва фидойилик кўрсатган юртдошларимизни хотирлаш, айни вақтда ҳаёт бўлган уруш ва меҳнат фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга қаратилган тадбирлар бутун мамлакатмиз бўйлаб кўтаринки руҳда ўтказилмоқда. Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти масъуллар ва жамоатчилик фаоллари билар бирга пойтахтимизда истиқомат қилиб келаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт ва фронт орти фахрийлари хонадонларида бўлиб, Президентимизнинг байрам табрикларини етказишди. Ленинград қамалида бўлган Загида Мамлеевага ҳам “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” юбилей медали тантанали равишда топширилиб, байрам совғалари улашилди. Хонадонга ташриф буюрганлар онахон билан самимий суҳбат қуришди.
Юз йиллик довонни босиб ўтган Анна Каримова айни вақтда Чилонзор туманида истиқомат қилади. 1924 йилда Россияда туғилган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисининг кейинги тақдири Тошкент билан боғланди. Шу юрт ривожи учун меҳнат қилди, умр кечирди. Қувонч ёшлари кўзида қалқиётган Анна Георгиевна бугунги нурафшон, тинч ва осуда кунларга шукрона келтиради.
Надежда Кудризкаянинг болалик пайтлари концлагерда ўтган. Миллионлаб оилаларни ота-онасидан айирган урушнинг машъум хотиралари унинг мурғак қалбида муҳрланган. Чилонзор туманида умргузаронлик қилаётган 98 ёшли фахрийга байрам табрикномаси ўқиб эшиттирилиб, совғалар топширилди.
Кейинги ташриф манзили Чилонзор тумани Чўпонота мавзеси бўлди. Қариси бор уйнинг париси бор деганларидек, фариштали бу манзилда истиқомат қилувчи Мария Дегтярованинг хонадонидан меҳр нури порлаб турибди. Президент табригини тинглар экан, болалиги снарядлар шовқини остида ўтган аёлнинг қалбида кечган туйғулар юзида намоён бўлди. Камтарин ҳаёт, меҳнатга ҳамоҳанг ўтган умр йўли ва бугунидан миннатдорлик туйғуларининг ифодасини у каби фахрийларнинг ҳар бирининг нигоҳида кўриш мумкин.
Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ташриф буюрган яна бир хонадонда умргузаронлик қилаётган Бурыкин Анатолий Иванович ҳам тинчликнинг қадрини барчамиздан кўра яхшироқ англайди, юрак-юракдан ҳис этади. У билан кечган самимий учрашувда, бугунги осойишта кунларга етиб келганидан бахтиёрлиги, унга берилаётган эътибордан кўнгли шод эканлигини айтиб, меҳмонларга миннатдорлик билдирди.
Уруш айниқса болаларнинг тақдирида ўчмас из қолдирган машъум ҳодиса сифатида тарихдан жой олган. Ана шундай тақдири билан Алла Финтикова барча гўдаклар қатори туғруқхонада эмас концлагерда дунёга келди. Онахоннинг Яшнобод туманидаги хонадонига ташриф буюрган меҳмонлар унинг болалик ҳикояларини тинглаб, ўзига хос хулоса чиқаришди. Алла Семеновнага етказилган табрик ва совғалари хонадон соҳибасига байрамона кайфият улашди.
Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти нуроний фахрийлар билан кўришиб, улар учун яратилган зарурий шарт-шароитлар, саломатликлари ҳамда муаммоларини ҳам ўрганишди. Оркестр томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар эса маҳалла аҳлига ҳам кўтаринки кайфият бағишлади. Бу каби тадбирлар республика миқёсида ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари иштирок давом этмоқда.









