ИИВ раҳбариятининг ўрганишлари Навоий вилоятининг Конимех тумани ва Навоий шаҳрида давом этди
2026-11-15 17:00:00 / Янгиликлар

Ўрганишлар Конимех тумани ҳамда Навоий шаҳрида давом эттирилиб, асосий эътибор тезкор штаб фаолияти, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳолига ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўришга қаратилди.
Даставвал “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор штаби фаолияти билан танишилиб, амалга оширилаётган ишлар, мавжуд таҳлилий маълумотлар ва ҳамкорликдаги чора-тадбирлар ижроси ўрганилди.
Унда “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик ҳамда “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги” доирасидаги тадбирларни тизимли ва самарали ташкил этиш, жиноятчиликка нисбатан муросасиз муҳитни шакллантириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаб, бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, аҳоли ўртасида киберхавфсизлик борасидаги тушунтириш-тарғибот ишлари қамровини кенгайтириш, интернет орқали содир этилаётган фирибгарлик ва бошқа кибержиноятлардан ҳимояланиш кўникмаларини шакллантириш, “APK qöriqçi” иловасининг имкониятларини кенг тарғиб этиш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш борасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, аҳолини суюлтирилган газ билан тезкор ва сифатли таъминлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Ташриф якунида вазифалар ижросини назорат қилиш, ҳар бир йўналишда амалий натижадорликка эришиш зарурлиги таъкидланди ҳамда масъулларга тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати






