Ички ишлар вазири томонидан пойтахтда тунги хавфсизликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ўрганилди
2026-11-08 08:55:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан пойтахтимизда тунги вақтда жамоат хавфсизлигини таъминлашга жалб этилган ички ишлар органларининг соҳавий хизматлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг ҳамкорликдаги фаолияти ўрганилди.
Ўрганишлар давомида асосий эътибор мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирларини сифатли ва самарали ташкил этиш, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, шунингдек, тунги вақтда аҳоли хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар натижадорлигига қаратилди.
Хусусан, аҳоли гавжум бўлган Шайхонтоҳур туманидаги «Tashkent City» мажмуасида жамоат тартибини сақлаш, маҳаллий аҳоли ва хорижий сайёҳлар учун хавфсиз шароитлар яратиш, юқори савияда хизмат кўрсатиш ҳамда кўнгилочар тадбирларни хавфсиз ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Шунингдек, мажмуа ҳудудидаги мусиқали фаввора, «Tashkent City» хиёбони, «Tashkent City Mall» ҳамда «Park in Mall» кўнгилочар масканларига ташриф буюрувчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чоралар таҳлил қилинди.
Ички ишлар вазири томонидан «Tashkent City» мажмуасига ташриф буюраётган хорижий сайёҳлар оқими сезиларли даражада ортгани инобатга олиниб, мазкур ҳудудда хавфсиз туризмни таъминлаш бўйича махсус отряд фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Шу билан бирга, тунги вақтда аҳоли хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлашда муҳим ўрин тутувчи тезкор ҳаракатланувчи қўриқлаш экипажлари фаолияти ўрганилди. Чақирув тугмалари орқали экипажларнинг тезкор ҳаракатланишга тайёрлиги, ҳушёрлиги ва хизматга шайлиги амалда синовдан ўтказилди.
Бундан ташқари, Мирзо Улуғбек туманидаги Ўзбекистон овози кўчасида жойлашган, 24/7 режимида фаолият юритувчи кўнгилочар масканлар, умумий овқатланиш объектлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳудудларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди.
Мазкур ҳудудларда дам олувчилар хавфсизлиги, шунингдек, яқин атрофда истиқомат қилувчи аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳудудга бириктирилган «Ҳуқуқ-тартибот» маскани фаолияти таҳлил қилиниб, масканда хизмат олиб бораётган профилактика инспекторлари, патруль-пост ва қўриқлаш хизмати ходимлари билан суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг хизматни ўташ ва яшаш шароитлари ўрганилди.









