Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Ташпулатовнинг “Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни” муносабати билан байрам табриги
2026-11-07 19:00:00 / Янгиликлар

Азиз тиббиёт ходимлари!
Муҳтарам Президентимизнинг раҳбарлигида мамлакатимизда ўтказилаётган ислоҳотларнинг илк кунидан бошлаб тиббий хизмат, хавфсизлик ва таълим тизимини ислоҳ қилиш масаласи Давлат сиёсатининг энг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланди.
Тиббиёт, хавфсизлик ва таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг пировард замирида эса - аввало, инсон манфаати, унинг соғлиғи ва осойишталигини таъминлашдек улуғ ва шарафли вазифалар ётади.
Зеро, “Инсон ҳаётини асраш - энг олий бурч, унинг саломатлиги йўлида хизмат қилиш эса энг юксак садоқат намунасидир!”
Бу борада, барчамизга маълум, 2006 йил 12 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, мамлакатимизда ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси “Тиббиёт ходимлари куни” байрами кенг нишонланиб келинмоқда.
Инсон саломатлигини муҳофаза қилишдек шарафли ва масъулиятли фаолиятингиз, ҳар қандай ҳурматга муносиб.
Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида “Янги Ўзбекистон” шароитида инсон қадри ва унинг саломатлигини муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Бу борадаги ислоҳотларнинг янги босқичи сифатида, жорий йил 27 октябрь куни Муҳтарам Президентимизнинг тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан тарихий учрашуви бўлиб ўтди.
Унда тиббиёт ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш, касбий маҳоратини ошириш, “Янги Ўзбекистон тиббиёт стандартлари”ни жорий этиш, соҳани рақамлаштириш, сунъий интеллект ва робот жарроҳлик каби янги имкониятларидан кенг фойдаланиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, ҳар бир тиббиёт ходими кундалик фаолиятида “Бугун инсонлар саломатлиги учун кечагидан кўра нима яхши иш қила олдим?” деган эзгу савол билан яшаши керак.
Ҳурматли тиббиёт ходимлари,
Бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.
Ички ишлар органлари ходимининг хизмат самарадорлиги, энг аввало, унинг саломатлигига боғлиқ.
Соғлом ходимгина зиммасига юклатилган вазифаларни, халқ осойишталиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлашдек шарафли бурчини тўлақонли бажара олади.
Ички ишлар органлари ходимлари Ватан ва халқ тинчлиги учун хизмат қилса, тиббиёт ходимлари эса ана шу шарафли хизмат посбонларининг ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилади.
Ушбу масъулиятли икки соҳа фаолияти бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, шунинг учун ҳам, соҳа вакиллари садоқат билан хизмат қилишлари учун касб қасамёдини қабул қиладилар.
Муҳтарам Президентимиз томонидан ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш борасида яратиб берилаётган имкониятлар натижасида Вазирлик тиббиёт тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Эътиборлиси, тиббиёт муассасаларимиз 700 мингга яқин контингент билан, нафақат ички ишлар органлари ходимлари ёки пенсионерларига, балки прокуратура, адлия ва божхона ходимларига ҳам малакали тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.
Сўнгги ўн йилда бириктирилган ушбу контингентга малакали тиббий хизмат кўрсатадиган замонавий амбулатория, поликлиника ва госпиталлар ишга туширилди.
Госпиталлардаги шифо ўринлари эса мингтадан 1 300 тага етказилди.
Хусусан, Зарафшон, Оҳангарон ва Чирчиқ шаҳарларида кунлик 200 қабулга мўлжалланган амбулаториялар ташкил этилди.
Илгари даволаниш учун фақат пойтахтга шифо олиш учун келадиган Қашқадарё, Жиззах, Бухоро, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида госпиталлар ташкил қилиниб, уларнинг умумий сони 7 тадан 12 тага етказилди.
Натижада тиббий хизматлар ҳажми уч карра ошди.
Ҳурматли соҳа вакиллари!
Муҳтарам Президентимизнинг эътибори ва ғамхўрликлари натижасида, тизимдаги тиббиёт муассасаларнинг моддий-техник базаси янада мустаҳкамланиб, замонавий инфратузилмалар барпо этилмоқда.
Сўнги икки йилда Тошкент шаҳар ИИББ поликлиникаси, Бухоро госпитали, Фарғонадаги поликлиника, Наманган шаҳридаги госпиталнинг “Маъданли сув билан даволаш” биноси тўлиқ таъмирланиб, инновацион тиббий-технологик ускуналар билан жиҳозланди.
Яқинда Тошкент вилояти Тиббиёт бўлими ҳам замонавий янги бинога кўчиб ўтган бўлса, айни пайтда Сурхондарёда 40 ўринли госпиталь, Қашқадарёда эса Тиббиёт бўлими учун замонавий янги бинолар қурилиши давом этмоқда.
Шу билан бирга, тиббий хизматни дори-дармон ва зарур воситалар билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу мақсадлар учун ажратиладиган маблағлар ўтган йилга нисбатан 2026 йилнинг 9 ойининг ўзида 30 фоизга оширилди.
Натижада беморларни дори-дармон билан таъминлаш даражаси 57 фоиздан 90 фоизга ошди.
Муассасаларнинг моддий-техник базасини ривожлантириш мақсадида охирги икки йилда 15 турдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар харид қилинди.
Бунинг натижасида юқори технологик операциялар сони уч бараварга оширилди.
Қадрли соҳа фидойилари!
Албатта, бу каби ижобий ўзгаришлар замирида тизимдаги 3 мингга яқин тиббиёт ходимлари, хусусан 850 нафардан ортиқ шифокорлар, мингга яқин махсус касбий таълимга эга ходимларнинг фидокорона меҳнати ва садоқати мужассам.
Бу борада, сўнгги икки йилда шифокорларнинг 230 нафари Касбий малакани ривожлантириш институтида, 16 нафари эса хорижий давлатларда малакаси оширилди.
Тиббий хизматда илмий салоҳиятни ошириш борасида ҳам муносиб натижаларга эришилди.
Энг муҳими, даволаш-профилактика ҳамда касалликларни барвақт аниқлаш борасидаги ишлар натижадорлиги ўзининг амалий самарасини бермоқда.
Ҳар йилги тиббий кўриклар қамрови 91 фоиздан 100 фоизга, уларнинг самарадорлиги эса 9 фоиздан 16 фоизга яхшиланди.
Масалан, жорий йилнинг ўзида 35 мингга яқин ходим ва уларнинг оила аъзолари соғломлаштирилди.
Умуман олганда, ушбу натижалар тиббий хизматда эрта ташхислаш ва манзилли соғломлаштириш ишлари тўғри йўлга қўйилгани унинг яққол ифодасидир.
Бу борада, ички ишлар органлари ходимларининг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишда Соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг ўрни ва уларнинг фидокорона меҳнатини алоҳида эътироф этмоқчиман.
Турли ностандарт шароитларда хизмат вазифасини олиб бораётган ходимларимизга малакали ҳамда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва саломатлигини тиклаш йўлидаги фидокорона меҳнатингиз ҳар қандай ҳурматга муносиб.
Бу борадаги ҳамкорлик учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбариятига, Илмий ташкилотларга ҳамда барча тиббиёт муассасаларининг фидойи ходимларига самимий миннатдорлик билдираман.
Шу билан бирга тизимда тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида:
биринчидан, ички ишлар органлари тизимида “Диагностика- профилактика - даволаш - реабилитация” узлуксиз тамойилига асосланган ягона тиббиёт кластерини жорий этиб, ходимларга кўрсатиладиган тиббий хизматларни ўзаро интеграция қилиш;
иккинчидан, ходимларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда илмий ташкилотлари билан ҳамкорликда лапораскоп, ангиограф ва артроскоп каби юқори технологик мураккаб жарроҳлик амалиётларни ўтказиш;
учинчидан, тиббий хизмат сифатини баҳолашнинг халқаро стандартларга асосланган илғор тизимини жорий этиш, бемор хавфсизлиги, хизматлар шаффофлиги ва натижадорлиги устидан самарали назорат механизмларини жорий этиш;
тўртинчидан, хорижий давлатларнинг етакчи клиникалари билан узлуксиз тажриба алмашиш орқали илғор тажрибаларни тизим фаолиятига жорий этиш борасидаги устувор йўналишлар асосий вазифамиз бўлади.
Энг асосийси, ҳар бир тиббиёт ходими ўз фаолиятида “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойилни бош мезон қилиб олиши керак.
Азиз соҳа фидойилари!
Ишончим комилки, Сизлар бундан буён ҳам ўз билим ва тажрибангиз ва юксак касбий маҳоратингиз билан ходимларимиз саломатлиги муҳофазасига муносиб ҳисса қўшасиз.
Фурсатдан фойдаланиб, ўз касбига садоқат билан хизмат қилиб келаётган барча тиббиёт ходимларига яна бир бор самимий миннатдорлик билдираман.
Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга файзу барака, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман!
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз тиббиёт ходимлари!
