Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Ички ишлар вазирлиги тизимида хизмат қилаётган бир гуруҳ саломатлик посбонлари тантанали тарзда тақдирланди
2026-11-07 15:30:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлиги тизимида ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ҳамда фахрийларга малакали хизмат кўрсатиб келаётган Тиббиёт ходимларининг касб байрами муносабати билан ташкил этилган байрам тадбири кўтаринки рухда ўтказилди.
Унда вазирлик Тиббиёт бошқармаси ва соҳавий хизматлар раҳбарияти, тизимнинг тиббий муассасалари масъул ходимлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти, шунингдек ҳамкор идора ва ташкилотларнинг мутасаддилари иштирок этдилар.
Тадбирда сўз олган Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов соҳа вакилларини касб байрами билан табриклаб, ходимларнинг саломатликларини сақлашда яратиб берилаётган шарт-шароитлар натижасида вазирлик Тиббиёт бошқармаси ва ҳудудий даволаш-профилактика муассасаларида замонавий янгиланишлар рўй бераётганлигини қайд этиб ўтди. Бу ривожланишлар Давлатимиз раҳбари томонидан тизимга қаратилаётган юксак эътиборнинг натижаси эканлиги алоҳида эътироф этилди.
Жорий йилнинг 27 октябрь куни Муҳтарам Президентимизнинг тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан бўлиб ўтган тарихий учрашувида, соғлиқни сақлаш тизими вакилларини ижтимоий ҳимоя қилиш, касбий маҳоратини ошириш, “Янги Ўзбекистон тиббиёт стандартлари”ни жорий этиш, соҳани рақамлаштириш, сунъий интеллект ва робот жарроҳлиги каби янги имкониятларидан кенг фойдаланиш масалалари ички ишлар тизими олдига ҳам устувор вазифаларни белгилаб берганлигини таъкидланди.
Эътиборлиси, Вазирлик тиббиёт тизимида 700 мингга яқин контингент билан, нафақат ички ишлар органлари ходимлари ёки пенсионерларига, балки прокуратура, адлия ва божхона ходимларига ҳам малакали тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.
Сўнгги ўн йилда (2017-2026) бириктирилган ушбу контингентга малакали тиббий хизмат кўрсатадиган замонавий амбулатория, поликлиника ва госпиталлар ишга туширилди.
Айни вақтда ИИВ Тиббиёт бошқармаси тизимида 11 та стационар даволаш муассасалари, 16 та амбулатор поликлиникалар, 1 та санаторий, Ҳарбий-тиббий комиссия ва Санитария-эпидемиология назорат бош маркази ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари фаолият олиб бормоқда.
Госпиталлардаги шифо ўринлари эса мингтадан 1 300 тага етказилди.
Хусусан, Зарафшон, Оҳангарон ва Чирчиқ шаҳарларида кунлик 200 қабулга мўлжалланган амбулаториялар ташкил этилди.
Илгари даволаниш учун фақат пойтахтга келадиган Қашқадарё, Жиззах, Бухоро, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида госпиталлар ташкил қилиниб, уларнинг умумий сони 7 тадан 12 тага етказилди.
2025-2026 йилларда Тошкент шаҳар ИИББ поликлиникаси, Бухоро вилояти Госпитали, Фарғона вилояти поликлиникаси, Наманган шаҳридаги Госпиталнинг “Маъданли сув билан даволаш” биноси тўлиқ таъмирдан чиқарилган бўлса, Тошкент вилояти ИИББ Тиббиёт бўлими барча имкониятларга эга бўлган янги бинога кўчиб ўтди.
Ички ишлар вазирлиги Марказий госпиталида эса замонавий ангиограф, артроскоп, электронейромиограф аппаратлари сотиб олиниб ўтказилган юқори технологик операциялар сони сўнги икки йилда 750 тадан 2 100 тага ортишига эришилди.
Таъкидлаш жоизки, эришилган натижалар ходимлар саломатлигини таъминлаш мақсадида белгиланган вазифалар ижроси, шифокор ва ҳамширалар, соҳада фаолият юритаётган барча мутахассисларинг ўз касбига бўлган садоқат ва меҳрининг нишонасидир.
Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан ҳамда мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш борасидаги самарали меҳнати, ички ишлар органларида тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш, замонавий даволаш усулларини амалиётга кенг татбиқ этиш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун Ички ишлар вазирининг буйруғи билан бир гуруҳ соҳа мутахассислари ва шифокорлар муддатидан олдин махсус унвонлар, идоравий кўкрак нишонлари ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирлангандилар.
Мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди. Тақдирланган ходимларнинг шифокор касбига бўлган қасамёди билан бирга, Ватанига, халқига ва Президентига садоқат ила хизмат қилиш ваъдаси баралла жаранглади.
Янги Ўзбекистонда ҳар бир соҳа, ҳар бир йўналиш тараққиёт босқичлари томон одимламоқда. Бу йўлда жамият саломатлиги борасида фидойилик намуналарини кўрсатаётган тиббиёт ходимларининг меҳнати эса алоҳида таҳсинга сазовор.
Касб байрамингиз муборак бўлсин қадрли саломатлигимиз посбонлари!









