Ички ишлар вазирлигида жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди
2026-10-29 09:55:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлигида жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш ҳамда жойларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов, Президент Администрациясининг масъул раҳбарлари, вазир ўринбосарлари, соҳавий хизматлар ва ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари, шунингдек, шахсий таркиб иштирок этди.
Йиғилиш кун тартибига кўра ташкилий масала кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ, полковник Мирмансур Миршахидович Мирхамидов Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи лавозимига тайинлангани маълум қилинди.
Тадбир давомида, Давлат раҳбари томонидан белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, мамлакатимизда жиноятчилик ва унинг уюшган турларига қарши курашиш, жойлардаги криминоген вазиятни чуқур таҳлил қилиш, жиноятлар содир этилишига имкон бераётган шарт-шароит ва омилларни барвақт аниқлаш, ҳар бир маҳаллада хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда тезкор-профилактик чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, жиноятчиликка қарши курашишда раҳбар ва ходимларнинг шахсий масъулиятини кучайтириш, ижро интизомига қатъий риоя этиш ҳамда белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Йиғилиш якунида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар инобатга олиниб, жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш, белгиланган устувор вазифалар ижросини тизимли ташкил этиш ҳамда янги тайинланган раҳбар зиммасига юклатилган мажбуриятларни самарали амалга ошириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.



