25 октябрь – Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни. Хавфсиз муҳит – тинч ва фаровон ҳаёт асоси
2026-10-25 18:00:00 / Янгиликлар

Тинчлик – энг бебаҳо неъмат. Инсоннинг эртанги кунга ишонч билан қараши, ўзини кўча-кўйда, жамоат жойларида ҳамда рақамли маконда хавфсиз ҳис этиши, авваламбор, жамиятда қонун устуворлиги қай даражада таъминланганига боғлиқ. Бу борада эса ички ишлар органлари ходимлари зиммасига алоҳида масъулият юкланади.
Жамиятда осойишталикни таъминлашга фақат ички ишлар органлари, қолаверса, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларнинг саъй-ҳаракати билангина эришиб бўлмайди.
Шунинг учун бундай қарашдан босқичма-босқич воз кечилиб, мазкур жараёнга бандлик, таълим, соғлиқни сақлаш, маҳаллий ҳокимлик, ёшлар ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимлари вакиллари ҳам жалб этилмоқда. Чунки уларнинг барчаси жиноятчиликни келтириб чиқараётган омилларни бартараф қилишда ўз вазифасига эга.
2025 йилдан эътиборан ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш барча даражадаги раҳбарлар учун устувор вазифага айланди. Криминоген вазияти оғир маҳаллаларга ички ишлар органлари билан бир қаторда бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ва ҳуқуқ-тартибот йўналишидаги таълим муассасалари масъул қилинди. Бу масала билан ҳудудий раҳбар ҳам, тегишли ҳамкор ташкилотлар ҳам, «маҳалла еттилиги»нинг бошқа аъзолари ҳам бирдай шуғулланмоқда.
Давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганидек, жиноят содир этилгандан кейин унинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки жиноятнинг келиб чиқиш сабабларини илдизи билан йўқотиш асосий вазифага айланди.
Ушбу муаммоларнинг энг хавфлиларидан бири саналган гиёҳвандлик кўплаб жиноятларнинг «онаси»гина бўлиб қолмасдан, миллат генофондига ҳам жиддий хавф солмоқда.
Шу боис мазкур иллатга қарши комплекс кураш олиб борилмоқда. Жорий йилнинг 9 ойи давомида ноқонуний айланмадан 3 тоннадан зиёд гиёҳвандлик воситалари, кучли таъсир қилувчи 2,5 миллион донадан ортиқ дори воситалари олиб қўйилди.
Тошкент шаҳри, Тошкент, Сирдарё, Наманган ва Андижон вилоятларида гиёҳвандлик ва психотроп моддаларини ишлаб чиқарувчи жами 19 та нарколаборатория ҳамда қўлда қадоқлаш цехлари аниқланиб, уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Тезкор замонга мос равишда жиноятчилик ҳам ривожланмоқда, унинг янгидан-янги турлари пайдо бўляпти. Авваллари ҳуқуқбузарликлар кўпинча кўча-кўйда, бозорларда, бошқа жамоат жойларида, хонадонларда содир этиларди. Бугунги кунда эса жиноятчи бошқа вилоятда ёки хорижий мамлакатда туриб ҳам бошқаларга бир неча сония ичида интернет орқали зарар етказиши мумкин.
Киберфирибгарлик, сохта инвестиция платформалари, ижтимоий тармоқлардаги алдов, банк карталари маълумотларини қўлга киритиш, электрон тўлов воситалари билан боғлиқ жиноятлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олдига янги вазифаларни қўймоқда.
Қонунчиликка кўра Ички ишлар вазирлиги кибержиноятларга қарши курашиш йўналишида ваколатли орган этиб белгиланган. 2026 йил тизимда «Кибержиноятларга қарши курашиш йили» деб эълон қилиниб, аниқ ва мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Сунъий интеллектга асосланган ахборот тизимлари, «Кардблок» ва «Турон» каби электрон ечимлар жорий этилиб, янги турдаги кибержиноятчиликка қарши самарали кураш олиб бориляпти.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида 17 483 та кибержиноят фош қилиниб, 19 минг нафардан ортиқ фуқароларга етказилган 209 млрд. сўмдан зиёд зарар қайтарилган, интернет мониторинги орқали 3192 та хавфли ресурс блокланди, 1446 та фирибгарликка ундовчи зарарли ҳаволалар фаолиятига чек қўйилди.
Банклар, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари зиммасига кибержиноятларнинг олдини олиш, мижозларининг манфаатлари ва молиявий хавфсизлигини таъминлаш бўйича қатъий жавобгарлик юклатилди.
Кибержиноятларга қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида сунъий интеллект имкониятларидан унумли фойдаланилмоқда. Тижорат банклари, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларида “Марказлашган антифрод” тизимлари тўлиқ ишга туширилди.
Марказий банк билан ҳамкорликда яратилган махсус тизим орқали келиб тушган аризалар асосида айни вақтнинг ўзида банк картасидан ўзлаштирилган пулларни тўхтатиш механизми йўлга қўйилгани натижасида ўтган 9 ой давомида 77 млрд. 344 млн. сўм маблағ ноқонуний четга чиқиб кетишининг олди олинди ҳамда 43 мингтадан зиёд жиноятларга алоқадор банк карталари блокланди.
Бугун дунё шиддат билан ўзгариб, ахборот технологиялари ва глобал тармоқнинг ривожланиши ҳаётимизга қулайликлар олиб кириши баробарида киберҳудуддаги янги хавф-хатар ва таҳдидларга қарши фаол курашиш, айниқса, аҳолини виртуал таҳдидлардан ҳимоя қилиш масаласи долзарблигини кўрсатмоқда.
Жорий йилнинг 24 сентябрь куни давлатимиз раҳбари раислигида Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда бу борада муҳим ва стратегик топшириқлар берилди.
Унда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва кибержиноятларнинг олдини олишда рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш зарурлиги алоҳида уқтирилди.
Мазкур топшириқларнинг ижросини таъминлаш юзасидан кечиктириб бўлмас чора-тадбирларни белгилаб олдик.
Хусусан, Андижон шаҳри, Шаҳрихон ва Андижон туманлари, шунингдек, Тошкент шаҳри ва Чилонзор тумани ички ишлар органлари раҳбарларига рақамлаштириш ҳамда кибержиноятларга қарши курашиш бўйича ўринбосар лавозимлари жорий этилди.
Ушбу янги раҳбарлар кўчалар ва жамоат жойларига ўрнатилган видеокузатув камералари маълумотларини сунъий интеллект имкониятлари орқали чуқур таҳлил қилиб, безорилик, ўғрилик ва йўл-транспорт ҳодисаларини барвақт аниқлаш, хавфларни олдиндан прогнозлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича таъсирчан ва тезкор ечимлар ишлаб чиқиши лозим.
Кибержиноятларнинг олдини олишнинг энг самарали воситаси аҳолининг рақамли хавфсизлик бўйича билими ва огоҳлигини оширишдир. Ҳар қанча замонавий тизим яратилмасин, агар тарғибот ишлари тўғри ва манзилли йўлга қўйилмаса, кутилган натижага эришиш мураккаб кечади.
Шу сабабли профилактик тадбирларни ўтказишда юзаки ёндашувлардан воз кечиб, аҳолининг турли қатламлари – ёшлар, нуронийлар, тадбиркорлар ва хонадон эгалари билан яккама-якка ва тушунарли тилда ахборот бериш йўлга қўйилади.
Ҳозирги даврнинг яна бир ўткир муаммоси саналган одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш, унга қарши кураш борасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Президентимизнинг тегишли фармони асосида Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия ташкил этилган бўлиб, ички ишлар вазири – Миллий комиссия раисининг ўринбосари, Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия раиси ҳисобланади.
Бугунги кунда одам савдосига қарши курашиш йўналишида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг натижадорлигини мониторинг қилиш, айни йўналишдаги жиноятларни барвақт аниқлаш ва уларга чек қўйиш, мазкур турдаги жиноятдан жабрланган шахсларга кўмак кўрсатиш ва асосийси, бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича ҳудудий комиссиялар ва тегишли идоралар билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Ички ишлар вазирлиги тизимида Одам савдосига қарши курашиш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари фаолият олиб боради. Ходимлар томонидан жорий йилнинг ўтган даври давомида 170 га яқин ушбу турдаги жиноий ҳолатлар аниқланди.
Уларнинг асосий қисмини аёллардан шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш учун чет элга олиб чиқиб кетиш билан боғлиқ ҳолатлар ташкил этмоқда. Ўтган даврда тезкор ҳаракатлар туфайли 63 нафар аёлнинг чет давлатга олиб чиқиб кетилишининг олди олинган. Одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар содир қилганлиги учун қидирувда бўлган 10 нафар шахс ушланган.
Юртимизда сўнгги йилларда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида кўрилаётган таъсирчан чоралар ўз самарасини бераётгани ҳамда Ички ишлар вазирлиги томонидан кўрсатилаётган давлат хизматларининг кўлами ва сифати ошгани халқаро миқёсда ҳам тан олиняпти.
Хусусан, халқаро экспертлар ҳамда маҳаллий мутахассислар томонидан жорий йил январь – апрель ойларида ўтказилган Давлат бошқаруви самарадорлигини баҳолаш дастури якунларига кўра, Ички ишлар вазирлиги республикадаги вазирлик ва идоралар орасида давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлиги бўйича энг намунали давлат органи сифатида эътироф этилди.
The World Justice Project (WJP) ташкилотининг «Қонун устуворлиги индекси» доирасида Ўзбекистон 8-омил – «Тартиб ва хавфсизлик» бўйича 2016 йилда 93-ўринда турган бўлса, 2026 йилда жаҳонда энг юқори ўнталикдан жой олди. «Gallup» институтининг «Қонун ва тартиб индекси» социологик сўровномаларига кўра, мамлакатимиз мунтазам равишда дунёдаги энг хавфсиз давлатлар қаторидан жой олиб келмоқда.
Сўровномаларда қатнашган юртимиз аҳолисининг 90 фоизи яшаш ҳудудида тунда ёлғиз юрганда ўзларини бутунлай хавфсиз, бехавотир ҳис қилишини ҳамда ички ишлар органлари ходимларига ишонишини билдирган.
Давлатимиз раҳбари томонидан ички ишлар органларини аҳолига сифатли хизмат кўрсатадиган халқчил тузилмага айлантириш вазифаси қўйилган.
Бунинг ижроси Миграция ва персоналлаштириш хизмати фаолиятида ҳам намоён бўлмоқда.
Соҳадаги ислоҳотларнинг самараси ўлароқ илк маротаба «Ягона миграция» ахборот тизими ишга туширилди. Жорий йилнинг 1 майидан тажриба тариқасида ўз-ўзига хизмат кўрсатиш имконини берувчи «Ақлли миграция шохобчалари» фаолияти йўлга қўйилди.
2025 йил 10 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисида”ги Қонунга кўра Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишдаги қатор чекловлар бекор қилиниб, мамлакат бўйлаб фуқароларни яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказишнинг янги тартиби жорий этилди.
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига асосан мамлакатимиз фуқаролари янги яшаш жойига келган кундан эътиборан ўн иш кунидан кечиктирмай яшаш ёки турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиши лозимлиги белгиланди.
Эски тартибга кўра рўйхатдан ўтишда фуқародан шахсини тасдиқловчи ҳужжатлардан ташқари уй-жойга эгалик қилишни тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этиларди. Эндиликда мурожаат қилувчиларнинг паспорти ёки идентификацияловчи ID-картаси, ўн олти ёшга тўлмаган бола учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома тақдим этиш кифоя.
Аввалги тартибга кўра жазони ижро қилиш муассасаларига жазони ўташ учун келтирилган шахслар турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказилмасдан қолдирилган бўлса, эндиликда ушбу шахслар ҳам миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари томонидан турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказилмоқда. Фуқароларни кўп йиллар қийнаб келган прописка, ID-карта, хорижга чиқиш паспорти олиш учун доимий яшаш ҳудудига бориш, чет элга чиқиш учун алоҳида рухсатнома (стикер) олиш амалиёти бекор қилиниб, ушбу ҳужжатларни исталган ҳудуддан олиш имконияти яратилди.
Ички ишлар органлари тизимида криминологик таҳлил ва илмий ёндашувларни кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институтининг иш бошлаши жиноятчилик сабабларини илмий асосда ўрганиш ва профилактика чораларини далилларга таянган ҳолда белгилаш имконини кенгайтирди.
Маҳалла ва хонадонлар даражасида криминоген муҳитни ўрганиш, «ижтимоий профилактика» механизмларини тўлиқ ишга солиш орқали жиноятга олиб келиши мумкин бўлган низолар ва муаммоларни куртак ёзган давриданоқ ҳал этишга эътибор қаратилмоқда.
Тизимдаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида яқинда қабул қилинган муҳим қонун ҳужжатлари ички ишлар органлари фаолиятини янада такомиллаштириш учун ҳуқуқий асос бўлди. Айниқса, жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятида қатор муҳим янгиликларга қўл урилди.
Хусусан, профилактика инспекторларининг мақоми ва мустақиллиги оширилди. Уларга кам аҳамиятли маъмурий ва йўл ҳаракати қоидалари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича мустақил жазо қўллаш ваколати берилди. Шу билан бирга уларни асосий вазифасидан чалғитувчи қўшимча ишларга жалб этишга йўл қўйилмайдиган бўлди.
Шунингдек, жойлардаги оператив ҳолатлар юзасидан тезкорлик билан чора кўриш мақсадида, патруль-пост ва қўриқлаш хизматларига йўллардаги тирбандликларни бартараф қилиш вазифаси юклатилди. Ўз навбатида, йўл-патруль хизмати ходимларига жамоат жойларида тартиб бузилиши билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйиш ва жазо қўллаш ваколати берилди.
Жамоатчилик назоратининг янада самарали, таъсирчан механизмлари жорий этилди. Аҳоли учун «Менинг инспекторим» мобил иловаси орқали реал вақтда онлайн мулоқот қилиш, муаммолар ҳақида хабар бериш имконияти яратилди. Энг муҳими, аҳоли ўз маҳалласидаги профилактика инспекторининг фаолиятига нисбатан «ишончсизлик ташаббуси»ни билдириши мумкин. Бу эса «халқчил тизим» ғоясининг амалдаги тасдиғидир.
Тинчлик-осойишталикни таъминлаш стратегияси бугун замонавий талаблар асосида бутунлай янгича босқичга кўтарилмоқда. Асосий эътибор ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарувчи омилларни, сабаб ва шарт-шароитларни барвақт аниқлаш ҳамда тубдан бартараф этишга қаратилмоқда.
Бугун Янги Ўзбекистон ички ишлар органлари замонавий, профессионал, очиқ, адолатли ва энг муҳими, чинакам халқчил тузилма сифатида хизмат қилишга интилмоқда. Чунки тинчлик-осойишталикни асраш ва жамиятда хавфсиз муҳитни таъминлаш бизнинг энг юксак ва шарафли вазифамиздир.
The World Justice Project (WJP) ташкилотининг “Қонун устуворлиги индекси” доирасида Ўзбекистон 8-омил – «Тартиб ва хавфсизлик» бўйича 2016 йилда 93-ўринда турган бўлса, 2026 йилда жаҳонда энг юқори ўнталикдан жой олди. «Гэллап» институтининг “Қонун ва тартиб индекси” социологик сўровномаларига кўра, мамлакатимиз мунтазам равишда дунёдаги энг хавфсиз давлатлар қаторидан жой олиб келмоқда.
Сўровномаларда қатнашган юртимиз аҳолисининг 90 фоизи яшаш ҳудудида тунда ёлғиз юрганда ўзларини бутунлай хавфсиз, бехавотир ҳис қилишини ҳамда ички ишлар органлари ходимларига ишонишини билдирган.
Азиз ТОШПЎЛАТОВ, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант.
