Ички ишлар органлари ташкил этилганлигининг 35 йиллик шарафли юбилейи: Эл-юрт тинчлиги – энг юксак қадр
2026-10-25 08:00:00 / Янгиликлар

Халқаро Форумлар саройининг кириш йўлаклари бугун ўзгача, тантанавор қиёфага келтирилган. Бу ерда ўрта асрлар, буюк Амир Темур салтанати давридан тортиб то ҳозирги кунгача бўлган узоқ тарихий йўлни қамраб олган сарбозлар, миршаблар, собиқ Иттифоқ милиция тизими вакиллари ҳамда Янги Ўзбекистон Ички ишлар органлари ходимлари меҳмонларни юксак ҳурмат ва қутлуғлик билан кутиб олмоқда.
Бугун — Ички ишлар вазирлиги ташкил этилганлигига ўттиз беш йил тўлган қутлуғ сана. Мамлакатимиз хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлашда ажралмас ўрин тутувчи Ички ишлар органларининг ўттиз беш йиллик шарафли тарихи шу куннинг асосий мазмунини ташкил этади. Шу муборак сана шарафига Халқаро Форумлар саройида ўтказилган байрам тадбири юксак тайёргарлик ва теран маънавий-мафкуравий руҳда ташкил этилди.
Бинонинг кириш қисмида жойлаштирилган кўргазма намойишлари бир неча йўналишни чуқур қамраб олди. “ИИВ таълим муассасалари: кеча ва бугун” ҳамда “Янги Ўзбекистон — янги ички ишлар органлари” номли фото ва видеокўргазмаларда ташриф буюрувчилар тизимнинг узоқ ўтмиши, тарихий босқичлари ва ҳозирги кундаги кенг кўламли ислоҳотлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар. Кўргазмаларда ички ишлар органларининг мустақиллик йилларидаги шаклланиш жараёнлари ҳамда Янги Ўзбекистон шароитидаги замонавий, профессионал ва халқчил Ички ишлар органларининг фаолияти изчил ва чуқур акс эттирилган.
Бундан ташқари, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, Эксперт-криминалистика, Жамоат тартибини сақлаш ва Қўриқлаш хизматлари учун ажратилган махсус жойларда олдинги даврлар ва замонавий махсус анжомлар, энг илғор махсус техникалар, хизмат автомобиллари ҳамда ҳар бир хизматнинг ўзига хос фаолиятини намойиш этувчи кўргазмали чиқишлар тақдим этилди. Бу намойишлар Ички ишлар органларининг ўттиз беш йиллик ривожланиш йўлини, унинг ҳар бир босқичидаги масъулият ва ҳикматни ёрқин ифода этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Коммуникациялар департаменти раҳбари — Президент матбуот котиби Шерзод Икромович Асадов, 25 октябрь — Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда давлатимиз раҳбари Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг тизим ходимлари ва фахрийларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Президент табригида ички ишлар органлари ходимларининг мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жамоат хавфсизлигини сақлаш ҳамда халқ манфаатларига хизмат қилиш борасидаги фидокорона меҳнати алоҳида эътироф этилди. Тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ички ишлар органларини халқчил тузилмага айлантириш ва аҳоли билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги ишлар таъкидланди.
Шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, кибержиноятчиликка қарши курашиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш борасида ички ишлар органлари олдига муҳим вазифалар қўйилди. Соҳа фаолияти самарадорлигини янада ошириш, халқ билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ҳар бир ходимнинг хизмат бурчига садоқатини юксалтириш устувор вазифалардан экани қайд этилди.
Давлат раҳбарининг самимий тилаклари ва юксак эътирофи залдаги барча иштирокчилар томонидан қизғин қўллаб-қувватланди.
Тадбирнинг бадиий қисмида эл ардоғидаги санъаткорларнинг она Ватан мадҳида куйлаган тароналари янгради. Ички ишлар органлари ходимларининг хавфли, масъулиятли ва шу билан бирга шонли фаолиятлари юксак бадиий ифодада тараннум этилди. ИИВ Маданият саройи санъаткорлари иштирокида театрлаштирилган саҳналар асосида яратилган композициялар ватан ҳимоячисининг ҳаётий ва маънавий образини чуқур ифода этди.
Байрам дастури якунлангач Тошкент осмонида дронлар кўриниш берди. Ўтказилган замонавий дрон-шоу пойтахт ҳудудида байрам куни ҳам узлуксиз хизмат олиб бораётган Ички ишлар органлари ходимларига юксак руҳий кўтаринкилик ва қутлуғ кайфият бағишлади.









