25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги ташкил этилганлигининг 35 йиллиги муносабати билан Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Ташпулатовнинг байрам табриги
2026-10-24 20:10:00 / Янгиликлар

Ҳурматли ҳамкасблар!
Муҳтарам фахрийлар!
Сизларни ва оила аъзоларингизни барчамиз учун қадрли ва улуғ анъанага айланган касб байрами – 25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ташкил этилганлигининг 35 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.
Бугун мамлакатимизда тинчликни кўз қорачиғидек асраб, жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашдек масъулиятли ҳамда шарафли вазифага ўз ҳаётини бағишлаб келаётган барча фидойи ходимларимизга, ҳарбий хизматчиларга, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва тингловчи-курсантлари ҳамда фахрийларга ўзимнинг чуқур миннатдорлигимни билдираман.
Эл-юрт осойишталигини таъминлаш йўлида бутун куч-ғайратини сафарбар этиб, ҳаётини хавф остига қўйган ҳолда хизмат бурчини бажариш чоғида мардларча ҳалок бўлган жасур ҳамкасбларимизнинг ёрқин хотираси қалбимиздан асло ўчмайди.
Уларнинг оила аъзоларига доимо ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир!
Бугунги кунда замон талабларига жавоб берадиган, халқчил ва профессионал тизимни шакллантириш – олдимиздаги энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Ўтган 35 йиллик давр – тарих учун жуда қисқа, лекин ушбу даврда асрга татигулик ижобий ўзгаришлар амалга оширилди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуслари билан сўнгги ўн йилда ички ишлар органлари тубдан ислоҳ қилинди.
Хусусан:
– ички ишлар органларининг тузилмаси замонавий таҳдидлардан келиб чиқиб мақбуллаштирилди, мустақил департаментларга бирлаштирилиб, марказлаштирилган бошқарув тизими яратилди;
– ички ишлар органларининг хизмат фаолияти сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, бевосита аҳолига яқинлаштирилди ва фуқароларнинг ҳақҳуқуқларини ҳимоя қилиш ходимларнинг кундалик фаолиятидаги биринчи галдаги вазифасига айланди;
– жиноятнинг оқибати билан курашиш эмас, балки уни барвақт олдини олишга ҳамда маҳаллаларда “хавфсиз муҳит” яратишга асосий эътибор қаратилди;
– маҳаллалар тоифаларга ажратилиб, криминоген вазияти оғир маҳаллаларга масъул раҳбарлар бириктирилди ва уларнинг шахсий жавобгарлиги оширилди;
– оилавий-маиший низолар, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар илмий нуқтаи назардан чуқур таҳлил қилиниб, хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганган ҳолда барвақт профилактикасини ташкил этиш бўйича методикасини яратиш амалиёти йўлга қўйилди;
– ҳуқуқбузарлик сабаб ва омилларини жойида барвақт аниқлаб, “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда бартараф этиш тизими янада кучайтирилди;
– жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлинмалари янгича ишлаш тизимига ўтказилиб, келгусида ҳар бир ходим ҳудудидан қатъи назар, фуқаролар мурожаатига тезкор муносабат билдириши белгиланди;
– жамоатчилик билан бевосита ва очиқ мулоқот йўлга қўйилиб, аҳоли мурожаатлари “Менинг инспекторим” иловаси орқали реал вақтда қабул қилиниб, уларнинг ижроси ўз вақтида ва сифатли таъминланиши рақамли назоратга олинди;
– тунги вақтда жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолияти кучайтирилиб, бўлинма раҳбарларининг тунги хизматни ташкил этиш бўйича масъуллиги икки карра оширилди.
Натижада, фуқароларимиз ва юртимизга ташриф буюрган меҳмонларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда хавфсизлиги тўлиқ таъминланишига эришилди.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида, “Янги Ўзбекистонда – Янги ички ишлар органлари” ҳар томонлама такомиллашиб, ривожланган давлатларнинг полицияси билан рақобатлаша оладиган, керак бўлса намуна бўладиган профессионал тузилмага айланди.
Айни чоғда мамлакатимизда ҳукм сураётган тинч-осойишта, фаровон ҳаёт учун чексиз шукроналик туйғуси ҳар биримизнинг қалбимизни ғурурга тўлдиради.
Бугунги кунда Янги Ўзбекистонда муҳтарам Президентимиз томонидан амалга оширилаётган барча ислоҳот ва ўзгаришлар – инсон қадрини юксалтириш учун деган эзгу тамойил амалда ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг: “Халқимиз ҳаётини янада осойишта ва файзли қилишга қаратилган ҳаракатлар бундан буён ҳам устувор даражада изчиллик билан давом эттирилиши, ички ишлар ходимларининг меҳнатини муносиб қадрлаш, замонавий иш шароитлари билан таъминлаш, малакали кадрлар тайёрлаш масалалари доимо эътибор марказида бўлади”, деган сўзлари бизга улкан куч бериши билан бирга, юксак масъулият юклайди.
Бу ишонч ҳар бир ходимдан қонун устуворлигини таъминлаш, хизмат вазифаларига виждонан ёндашишни ҳамда эл-юрт олдидаги муқаддас бурчини чуқур англашни талаб этади.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни байрам билан яна бир бор табриклаб, жамиятимизда қонунийликни мустаҳкамлаш, осойишталикни кўз қорачиғидек асраш йўлидаги масъулиятли фаолиятингизда мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт ва улкан зафарлар тилайман.
Мустақиллигимиз абадий, Ватанимиз тинч, халқимиз омон, ички ишлар органларининг шарафли хизмати ҳамиша юксак бўлсин! Ички ишлар органларининг 35 йиллик қутлуғ байрами муборак бўлсин!
Вазир генерал-лейтенант А. Ташпулатов
