Тинчлик ва осудалик қалқони: Ички ишлар органларининг 35 йиллик жасоратли хизмати эътирофи
2026-10-24 18:30:00 / Янгиликлар

Ватан тараққиётини таъминлашда тинчлик ва осудаликнинг ўрни беқиёс. Янги Ўзбекистоннинг юксак тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва жамиятда барқарор муҳитни сақлашдек шарафли бурчни бажараётган ички ишлар органлари ходимлари ҳар йили 25 октябрь куни касб байрамларини нишонлайдилар.
Мустақил Ўзбекистон Ички ишлар органларининг ташкил этилганлигини 35-йиллиги муносабати билан Ички ишлар вазирлиги Маданият саройида бўлиб ўтган тантанали тадбирда вазирлик раҳбарияти ва шахсий таркиби, мамлакатимиздаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, хизмат вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари ҳамда фахрийлар иштирок этдилар.
Тадбир давомида Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов Давлатимиз раҳбарининг соҳани янада ривожлантириш бўйича олиб бораётган кенг қамровли ислоҳотларини эътироф этди. Яратилган шароитлар ва билдирилган ишончга муносиб хизмат қилиш тизимдаги ҳар бир ходимнинг асосий вазифаси эканлигини таъкидлади. Шунингдек, 35 йил давомида мустақиллигимизни мустаҳкамлаш йўлида, таҳликали вазиятларда ўз постида собит турган ва юрт тинчлигига рахна солган душманларга кўксини қалқон қилган ходимларнинг ёрқин хотираси ёд этилди.
Вазир сўнгги ўн йилда тизимда эришилган улкан муваффақиятларга алоҳида тўхталиб, ҳуқуқий, ташкилий, кадрлар тайёрлаш, профилактика, жамоат хавфсизлиги, рақамлаштириш, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва жамоатчилик билан ҳамкорлик соҳаларидаги кенг кўламли ўзгаришлар халқимиз учун қулай шароитлар яратишда муҳим омил бўлаётганлигини қайд этди.
Таъкидланганидек, Юртбошимиз ташаббуси билан тизим фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган 82 та қонун, 26 та Фармон, 70 та қарор ва Ҳукуматнинг 180 та қарори қабул қилинди. Натижада “Янги Ўзбекистонда – Янги ички ишлар органлари” ривожланган давлатлар полициялари билан рақобатлаша оладиган тузилмага айланмоқда.
Жиноятчиликнинг олдини олиш тизими тубдан ўзгартирилиб, профилактика ишлари маҳалла даражасига туширилди. Ҳар бир маҳалла, оила ва шахс кесимида ишлаш, маҳаллаларни криминоген вазиятга қараб тоифаларга ажратиш ҳамда криминоген вазияти оғир маҳаллаларга масъул раҳбарларни бириктириш амалиёти жорий этилди.
Эндиликда ҳар бир ходимнинг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича масъулияти оширилди ва янгича ишлаш тизими яратилди. Бунинг натижасида фуқароларнинг мурожаатига тезкор муносабат билдириш, аҳоли билан бевосита ва очиқ мулоқот қилиш, ҳуқуқбузарликнинг сабаб ва омилларини жойида барвақт аниқлаб, бартараф этишга эришилди. Ислоҳотлар туфайли ички ишлар органлари аҳолига очиқ, ҳисобдор ва халқчил тизимга айланди.
Тизим замонавий талабларга мос равишда рақамлаштирилди ва такомиллаштирилди. Агар 2016 йилда ички ишлар органлари фаолиятида атиги 6 та ахборот тизими мавжуд бўлган бўлса, бугун уларнинг сони 62 тага етказилиб, шундан 43 таси амалиётга жорий этилди. Вазирлик томонидан кўрсатилаётган 60 та давлат хизматининг 55 таси тўлиқ рақамли шаклда тақдим этилмоқда. Барча ҳужжатлар айланмаси ҳам рақамли шаклга ўтказилди.
Мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилда халқаро экспертлар томонидан алоҳида эътироф этилиб, республикадаги 40 та вазирлик ва идоралар орасидан Ички ишлар вазирлиги давлат хизматлари кўрсатиш йўналишида “Энг яхши вазирлик” сифатида тақдирланди. Рақамлаштириш рейтингида 2023 йилдаги 31-ўриндан 5-ўринга, ахборот хавфсизлиги рейтингида эса 51-ўриндан 1-ўринга кўтарилди.
Маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш бўйича ижобий амалиёт шаклланди. Жорий йилнинг 9 ойида республикада олдини олинадиган жиноятлар 4 мингтага (14 фоизга) камайди, ходимлар ташаббуси билан аниқланадиган жиноятлар 7 мингтага (31 фоизга) ошди. 4 380 та маҳаллада жиноят содир этилишига йўл қўйилмай, улар “яшил” тоифага ўтказилди.
“Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги” билан бир қаторда нишонланаётган ушбу қутлуғ сана хизмат бурчини ҳаётининг мазмунига айлантирган, кечаю кундуз эл-юрт осойишталиги йўлида мардона меҳнат қилаётган ҳар бир ходимнинг байрамидир. Уларнинг машаққатли хизматига елкадош бўлиб келаётган ота-оналари, турмуш ўртоқлари ва оила аъзоларига ҳам самимий миннатдорлик билдирилди.
Тадбирда мамлакатимиз ички ишлар органларидаги кўп йиллик самарали хизмати, юртимизда жамоат хавфсизлиги, халқимиз осойишталигини таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш йўлидаги ибратли фаолияти, ўз бурчини шараф ва масъулият билан адо этиб, мардлик ва жасорат намунасини кўрсатиб келаётгани, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш ишларидаги фаол иштироки, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони билан тақдирланган ходимларга, Давлат мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Шундан сўнг байрам муносабати билан тақдирланган бир қатор ходимларга идоравий мукофотлар ва унвонлар бериш бўйича буйруқ ўқиб эшиттирилди.
Ички ишлар вазири ҳар бир рағбатлантирилган ходимга мукофотларни топширди. Уларнинг Ватанга садоқати акс этган қасамлари Маданият саройи узра жаранг солди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратура, Давлат хавфсизлиги хизмати, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда Маҳаллалар уюшмаси раҳбарияти ҳам сўзга чиқиб, ички ишлар вазирлиги ходимларини байрам билан муборакбод этдилар.
Якунда байрам тадбири иштирокчиларига кўтаринки кайфият улашувчи концерт дастури тақдим этилди. Вазирлик Маданият саройи хонандалари Ватан ва тинчлик тарғиби билан дилларни хушнуд этдилар.









