21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Ташпулатовнинг байрам табриги
2026-10-21 21:20:00 / Янгиликлар

Ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчиларини, соҳа фахрийлари ҳамда барча юртдошларимизни 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни билан самимий муборакбод этаман.
Она тилимиз – миллатимизнинг маънавий қиёфаси, ўзлигимиз ва бебаҳо меросимизнинг ёрқин ифодасидир. Асрлар давомида халқимизнинг бой тарихи, урф-одатлари ҳамда эзгу қадриятларини ўзида мужассам этиб келаётган она тилимиз миллий ғуруримиз тимсоли ҳисобланади. Унинг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш, софлиги ва жозибадорлигини асраб-авайлаб, келажак авлодларга бетакрор мерос сифатида етказиш – ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Зеро, тилга эҳтиром – элга эҳтиром, она тилига садоқат эса Ватанга садоқатнинг ифодасидир.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъкидлаганидек, ўзбек тилининг мавқеини ошириш, унинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш ҳамда жамият ҳаётининг барча соҳаларида кенг қўлланилишини таъминлаш энг устувор вазифаларимиздандир.
Бугунги кунда она тилимизни асраб-авайлаш, унинг чексиз имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда ёш авлод қалбида миллий қадриятларимизга нисбатан муҳаббат туйғусини юксалтириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Айниқса, ички ишлар органлари фаолиятида давлат тили меъёрларига риоя этиш, расмий иш юритиш маданиятини ошириш ҳамда аҳоли билан мулоқотда адабий тил қоидаларига қатъий амал қилиш муҳим ўрин тутади.
Ишончим комилки, тилимизга бўлган ҳурмат ва эътиборни кучайтириш, унинг бойлиги ҳамда гўзаллигини кенг тарғиб этиш орқали миллий ўзлигимиз, маънавий бирлигимиз ва ватанпарварлик туйғуларимизни янада юксалтирамиз.
Ушбу қутлуғ айём муносабати билан барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат ва хонадонларингизга файзу барака тилайман. Ватанимиз равнақи, халқимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлидаги шарафли ҳамда масъулиятли фаолиятингизда улкан зафарлар ёр бўлсин.
Давлат тилимиз халқимизнинг миллий ғурури ва маънавий бойлиги сифатида ҳамиша юксак қадр топсин! Она тилимиз тараққиёти, миллий ўзлигимиз ва бирлигимиз йўлидаги эзгу ишларимиз бардавом бўлсин!
Вазир генерал-лейтенант А. Ташпулатов
