Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг ички ишлар органларининг тезкор хизмат ходимларига табриги
2024-10-05 09:00:00 / Янгиликлар
Ички ишлар органларининг ўзига хос шонли тарихига эга бўлган Тезкор-қидирув соҳаси тизимнинг энг асосий вазифаларни бажарувчи йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу боис ҳам бу соҳада хизмат қилувчи ходимлар ҳар томонлама етук салоҳиятга, юксак касб маҳорати ва намунали хизмат фаолиятига эга бўлиши талаб этилади.
Бугунги кунда ҳам Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларида фаолият олиб бораётган тезкор ходимлар жиноятчиликнинг ҳар қандай турига қарши муросасиз курашиш, юртдошларимиз хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлида фидойилик билан хизмат олиб боришмоқда.
Қолаверса, Тезкор-қидирув соҳаси ички ишлар органлари учун кўплаб раҳбар ходимларни етиштириб берган ва бу анъана ҳозирги кунда ҳам давом этмоқда. Мустақилликнинг илк йилларидан ҳозирги кунга қадар тинчлик осойишталикни таъминлаш, уюшган жиноятчилик, коррупция, гиёҳвандлик, терроризм ва экстремизмга қарши курашишда қаҳрамонлик кўрсатган бир қатор фахрийлар айнан ушбу йўналишда ўз мактабини ярата олган десак муболаға бўлмайди.
Фурсатдан фойдаланиб, Тезкор-қидирув соҳасининг қадрли фахрийларини, хизмат вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари ҳамда фидойи тезкор ходимларни самимий табриклайман. Сизларга олиб бораётган машаққатли, шу билан бирга шарафли хизматингизда улкан зафарлар, келгусида соҳа ривожи йўлида амалга оширадиган ишларингизда эса муваффақият доимо ҳамроҳ бўлишини тилайман. Оилангизни тинчлик ва хотиржамлик ўзингизни эса мустаҳкам соғлик тарк этмасин!
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант П.Р. Бобожонов