Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, Мудофаа вазири лавозимига тайинланган генерал-майор Ботир Қудратхўжаевни кузатиш маросими бўлиб ўтди
2026-10-14 08:15:00 / Янгиликлар

Тадбирда Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, фахрийлар ҳамда соҳавий хизмат раҳбарлари иштирок этдилар.
Маросимда Ботир Қудратхўжаевнинг Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари — Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи лавозимидаги фаолияти сарҳисоб қилинди. Хусусан, уюшган жиноятчилик, наркотрафик ва терроризмга қарши курашиш, киберхавфсизликни таъминлаш, одам савдосига барҳам бериш ҳамда мазкур йўналишлардаги ишларни мувофиқлаштириш борасида амалга оширган ишлари, бой тажрибаси ва хизмат вазифаларига масъулият билан ёндашуви алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, хизмат фаолияти давомида эришган ютуқлари, шунингдек ички ишлар органлари тизими ривожига қўшган ҳиссаси учун, Ички ишлар вазирининг буйруғи билан «Ички ишлар органларининг фахрий ходими» кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.
Маросимда генерал-майор Ботир Қудратхўжаевнинг янги лавозимдаги фаолиятига муваффақиятлар тилаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти — Олий Бош қўмондон раҳбарлигида мамлакат мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, Ватан тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги масъулиятли вазифаларни бажаришда улкан ютуқларга эришишига ишонч билдирилди.
Тадбир самимий ва кўтаринки руҳда ўтди.









