Кибержиноятчиликка қарши курашиш: натижалар, танқид ва қатъий вазифалар
2026-10-13 07:55:00 / Янгиликлар

Ахборот технологиялари жадал ривожланаётган бугунги шароитда рақамли имкониятлар кенгайиб борар экан, улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ҳам ортиб бормоқда. Айниқса, кибержиноятлар сони йил сайин кўпайиб, уларни содир этиш усуллари тобора мураккаблашиб, аниқлаш ва олдини олишни янада долзарб масалага айлантирмоқда.
Ушбу масалаларни муҳокама қилиш мақсадида Ички ишлар вазирлигида киберхавфсизликни таъминлаш, кибержиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда бу борада белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш масалаларига бағишланган тезкор йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов раҳбарлигида вазир ўринбосарлари ҳамда соҳавий хизматларнинг масъуллари иштирок этдилар.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Андижон вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлари, шунингдек, киберхавфсизлик соҳасига оид фармон ва қарорларда белгиланган вазифаларнинг ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Масъул раҳбарларнинг амалга оширилган ишлар юзасидан тақдимот ва ахборотлари тингланиб, соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, таъкидланишича, Вазирлик тизимида 2026 йил «Кибержиноятларга қарши курашиш йили» деб эълон қилиниб, аниқ ва мақсадли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Жумладан, Марказий банк билан ҳамкорликда яратилган махсус тизим орқали банк картасидан ўзлаштирилган пулларни тўхтатиш (блоклаш) механизми йўлга қўйилгани натижасида жорий йилнинг 9 ой давомида 77 млрд 344 млн сўмнинг ноқонуний четга чиқиб кетишининг олди олинди ҳамда 43 001 та жиноятга алоқадор банк карталари блокланди.
Жорий йилда жами 17 483 та кибержиноят фош этилди, 5 600 та жиноят ташаббус асосида аниқланди ва 19 мингдан ортиқ фуқарога етказилган 209 млрд 934 млн сўмдан зиёд моддий зарар қайтарилди.
Фуқароларнинг банк ҳисоб варақларидан маблағларни ноқонуний ечиб олишга йўналтирилган 38 мингдан ортиқ «фишинг» зарарли дастурлари тўхтатилиб, 668 мингдан ортиқ фуқаронинг қурилмалари ҳамда пул маблағлари талон-торождан ҳимояланди.
Интернет мониторинги натижасида 6 771 та маълумот ўрганилиб, 3 192 та хавфли ресурс блокланди, 1 446 та фирибгарликка ундовчи зарарли ҳаволалар фаолиятига чек қўйилди. Кибермаконда тақиқланган материалларни тарқатган 335 нафар шахс маъмурий ва 1 011 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди. Терроризм, гиёҳвандлик, порнография, криптоактивлар, қимор ва ноқонуний қурол билан боғлиқ контентларга чек қўйилмоқда.
Шунингдек асосий эътибор, мазкур турдаги жиноятларни олдини олишга қаратилиб, жорий йилнинг ўзида 532 075 та тарғибот тадбирлари ўтказилди, интернетнинг ўзбек сегментида 2 565 та огоҳлантирувчи контент яратилди ва 650 та ресурсда мунтазам жойлаштирилди, ахборот майдонида киберхавфсизлик маданиятини шакллантириш ишлари жадаллаштирилди.
Шу билан бирга, кибержиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бермаслиги танқид қилинди.
Хусусан, кибержиноятларнинг олдини олиш, уларни ўз вақтида аниқлаш ва фош этиш, жиноят содир этилишига имкон бераётган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш борасидаги чоралар етарли даражада самара бермаётганлиги, мазкур йўналишда масъул ходимларнинг ташаббускорлиги ва шахсий масъулиятини ошириш, замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланиш ҳамда амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлигини тубдан кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб Марказий банк ва тижорат банклари билан ҳамкорликни кучайтириш, антифрод тизими имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда интернет-фирибгарликни барвақт аниқлаш ва олдини олиш чораларини ошириш вазифалари белгилаб берилди.
«APK Qo'riqchi» платформасини амалиётга кенг жорий этиш, унинг имкониятларидан самарали фойдаланиш ва аҳоли ўртасида киберхавфсизлик бўйича тарғибот ишларини мақсадли амалга ошириш, аҳолининг фирибгарлик усуллари ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш қоидалари ҳақида хабардор қилиш ва профилактик ишларини самарадорлигини ошириш талаб қилинди.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳри, Тошкент, Андижон, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида киберхавфсизликни таъминлаш борасидаги ишлар талаб даражасида ташкил этилмагани танқид қилинди. Ҳудудларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашдаги камчиликларни бартараф этиш, масъул раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш ҳамда профилактик тадбирлар самарадорлигини кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилиш якунида мутасаддиларга кибержиноятчиликнинг олдини олиш борасида замонавий ахборот платформаларини амалиётга кенг жорий этиш ва аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш ҳамда амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлигини мунтазам таҳлил қилиб бориш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.



