Криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва киберхавфларга қарши курашиш — устувор вазифалар
2026-09-26 08:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар вазирлигида жорий йилнинг 8 ойида республикада криминоген вазиятнинг барқарорлиги, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, кибержиноятларнинг олдини олиш ҳамда аҳоли ўртасида тарғибот ишлари ҳолати муҳокама қилинди.
Видеоселектор йиғилишида Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов, вазир ўринбосарлари, соҳавий хизматлар ва ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари ҳамда шахсий таркиб иштирок этди.
Йиғилишда ҳудудларда амалга оширилган ишлар танқидий-таҳлилий нуқтаи назардан кўриб чиқилиб, жиноятчиликнинг олдини олиш, унинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, криминоген вазиятни барқарорлаштириш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Бунда асосий эътибор ҳуқуқбузарлик содир этилганидан кейин чора кўриш эмас, балки уни келтириб чиқарувчи омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этишга қаратилди. Шу мақсадда ҳудудлардаги вазиятни чуқур таҳлил қилиш, масъул ходимлар фаолиятини аниқ натижага йўналтириш ва соҳавий хизматлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Тадбирда кибержиноятчиликка қарши курашиш ва аҳолини ахборот технологиялари соҳасидаги таҳдидлардан ҳимоя қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбари раислигида 24 сентябрь куни Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва кибержиноятларнинг олдини олишда рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш юзасидан берилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Хусусан, Андижон шаҳри, Шаҳрихон ва Андижон туманлари, Тошкент шаҳри ва Чилонзор туманлари ички ишлар органлари раҳбарларига рақамлаштириш ҳамда кибержиноятларга қарши курашиш бўйича ўринбосар лавозимлари жорий этилиши, улар кўчалардаги камералар маълумотларини сунъий интеллект орқали таҳлил қилиб, безорилик, ўғрилик ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича ечимлар ишлаб чиқиши таъкидланди.
Ушбу тажрибани йил якунига қадар бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш вазифаси қўйилди. Бу эса рақамли технологияларни хавфларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва профилактик чораларни белгилашнинг самарали воситасига айлантиришни назарда тутади.
Шунингдек, кибержиноятларнинг барвақт олдини олишда аҳоли билан манзилли ишлаш, уларнинг рақамли хавфсизлик бўйича билимларини ошириш ва профилактик тарғиботни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилиш якунида соҳавий хизматлар ва ҳудудий бўлинмалар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, жойларга бириктирилган масъул ходимлар фаолиятини аниқ натижага йўналтириш, белгиланган топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб берилди.






